Япониянинг янги бош вазири ҳукумат бош котиби Ёсихидэ Суга бўлади. У мамлакатда ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг етакчисига айланди, дея хабар берди Bloomberg.

Ёсихидэ Суга 535 депутатдан 377 нафарининг овозига кўра, Либерал-демократик партиясининг янги раҳбари этиб сайланди. Суга ҳукуматни 2012 йилдан бери бошқариб келган ва яқинда истеъфога чиқишини эълон қилган Синдзо Абенинг ўрнини эгаллайди.

«Мен халқ ишонадиган ҳукуматни барпо этмоқчиман», — деди Суга овоз бериш бошланишидан олдин ўз тарафдорларига.

2 сентябрь куни Суга ўз номзодини эълон қилишидан олдин ҳам уни партиянинг етти фракциясидан бештаси қўллаб-қувватлаган. Натижада, Суга овоз бериш бошланмасиданоқ ғалаба қозониш учун етарли овоз йиғди.

Парламентда овоз бериш 16 сентябрь чоршанба кунига белгиланган. Суга Абенинг бош вазирлиги даврида ҳукумат бош котиби лавозимида ишлаган.