Ижтимоий тармоқларда тест натижаларида хатоликка йўл қўйилганлиги, тўғри жавоблар ҳисобга олинмаганлиги ҳақида сўзлаб бераётган абитуриентларнинг хабарлари ва видеомурожаатлари тарқалди. Шу жумладан, қашқадарёлик абитуриентнинг таъкидлашича, 70−80 га яқин номзод 60 баллдан паст натижага эришишган, аслида эса улар камида 120−130 балл олишлари керак эди.

Давлат тест маркази ушбу масалани ўрганиб чиқди ва 11 сентябрь куни ўтказилган тест натижаларини эълон қилишда техник муаммо юз берганини тан олди.

«Хатолик ижтимоий тармоқларда ёзилгани каби тест натижаларини ҳисоблашда эмас, уларни эълон қилишда кузатилган», — дея таъкидлади ДТМ.

Марказ маълумотларига кўра, техник хатоликлар Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида 10 сентябрь куни 1-сменада ўтказилган тест синовларида иштирок этган айрим абитуриентларда юзага келган. Мазкур ҳолат аниқланиши билан хатоликни тузатиш ишлари бошлаб юборилган.

«Ҳозирда мазкур техник хатолик тузатилиб, тест натижалари хато эълон қилинган абитуриентларнинг натижалари янгиланди. Мазкур абитуриентлар шахсий кабинетлари орқали янгиланган тест натижаларини қайта кўришлари мумкин.Давлат тест маркази йўл қўйилган хатолик учун абитуриентлардан ва уларнинг ота-оналаридан узр сўрайди», — дейилади хабарда.

Бу йил давлат университетларида ўқиш учун бакалавриат босқичига 162 364, магистратурага 10 425 ўрин ажратилган. 91 та ОТМга бакалавриат йўналиши бўйича 1 млн 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган.