Тошкент ИИББ ИИО ходимлари кўча савдогарларидан газ тўлдирилган шарларни тортиб олиб, уларни осмонга учириб юбораётгани акс этган видеоёзув бўйича изоҳ берди.

«„Хавфсизлик меъёрларини бузган ҳолда газ билан тўлдирилган ҳаво шарларининг портлаши оқибатида ёш бола оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилди“ — агарда ишлатилиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг савдоси ИИО ходимлари томонидан тўхтатилмаганида, юқоридаги каби хабарларни интернет тармоғида тез-тез учратиб турган бўлардингиз», — дейилади хабарда.

ИИББнинг фикрича, «видео остида муаллифлар ИИББ ходимларини савдогарларнинг пул ишлаш ниятини тушунмасликда айблаб, ўзлари мазкур соҳада кенг тарқалган қоидабузарликларни, хавф ва оқибатларини тушунмасликларини намойиш этдилар».

Хабар қилинишича, видео Шайхонтоҳур туманида олинган.

«Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари савдогарлардан ҳаво шарларини олиб, уларни учириб юборишларининг сабаби — мазкур шарлар ёнувчи газ билан тўлдирилганидадир. Агарда бу каби шар хонада ёки бошқа ёпиқ майдонда портлаб кетса, унинг яқинидаги одамларга жиддий куйиш ва бошқа жароҳатлар етиши мумкин», — дея тушунтирмоқчи бўлди пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси.

ИИББ маълумотларига кўра, жаҳон амалиётида ҳаво шарларини гелий билан тўлдириш тавсия этилади — бу инерт, заҳарли бўлмаган, ёнмайдиган ва нисбатан хавфсиз газ тури ҳисобланади. Аммо у арзон эмас, шу сабабли бир қатор сотувчилар тежаш мақсадида шарларни метан ёки водород билан тўлдириб, шарларни маълум вақтга келиб портлайдиган бомбага айлантиришади.

«Портлашга сабаб бўлувчи омиллар кўп — торт устида ёниб турган шам, сигарет, маиший техникадан чиқиши мумкин бўлган учқун… Шу вақтда шар олдида қанча кўп одам ва шарлар бўлса — оқибати ҳам шунчалик аянчли бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

ИИББ ҳаво шарлари портлаши оқибатида юз берган мудҳиш ҳодисалар ҳақида аввал берилган хабарларга мисоллар (1, 2, 3) келтирди.