Ўзбекистонда 5889 нафар гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилувчи ёшлар рўйхатда турибди. Бу ҳақда ички ишлар вазирининг жамоатчилик тартиби бўйича ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Азизбек Икромов жума куни Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида маълум қилди.

Уларнинг асосий қисми Андижон вилоятида — 1232 нафар, Фарғонада — 1093 нафар ва Тошкент шаҳрида — 1188 нафар. Қолган вилоятларда 600−500 нафардан ҳисобда турибди.

Ички ишлар вазири ўринбосари охирги тўрт йилда кучли таъсир қилувчи препаратлар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳажми ортиб бораётганини ҳам таъкидлаб ўтди. 2016 йилда 58 мингта «дорихона наркотиклари»нинг ноқонуний савдосига чек қўйилган бўлса, 2017 йилда 62,5 минг, 2018 йилда 128 минг, 2019 йилда 365 мингта таблетка ва бошқа гиёҳванд воситалар олинган. 2020 йилнинг 8 ойи ичида эса 191196 та трамадол ёки тропикамид таблеткалари олиб қўйилган.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ёшлар ўртасида анъанавий гиёҳвандлик моддаларидан воз кечиб, айниқса, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ҳозирги ёшларда трамадол ва янги пайдо бўлган тропикамид дорилари истеъмоли ҳам кучаймоқда. Улар таъсирида эса ёшлар томонидан оғир турдаги жиноятлар содир этилмоқда.

Мисол тариқасида, бу йил Шайхонтоҳур туманида 12 нафар ёш орасида жанжал чиқиб, улардан бири ҳалок бўлган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева гиёҳвандликка қарам бўлганларни ҳисоблаш бўйича халқаро стандартларга асосланиб, юқоридаги статистика аслида 10 баравар юқорироқ, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, фақатгина Ички ишлар вазирлиги бу муаммо билан кураша олмайди — бунга жамоатчилик, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ҳам жалб қилиш керак.

Ялпи мажлисда сенаторлар «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида"ги Қонунни маъқулладилар.