11 сентябрь кунидан эътиборан Қозоғистон билан мунтазам авиақатновлар расман тикланди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Транспорт вазирлиги ва Қозоғистон авиация маъмурияти билан халқаро мунтазам йўловчи авиақатновларини тиклаш бўйича олиб борилган музокаралар якунига кўра, Uzbekistan Airways ва Air Astana авиакомпанияларига сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент-Олмаота-Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни бажаришни бошлаш бўйича келишувга эришилган.

Ушбу йўналиш бўйича қатновлар ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилади. 11 сентябрь куни соат 12:40 да Air Astana авиакомпаниясининг Олмаота — Тошкент — Олмаота рейси самолёти Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига келиб қўнди.

Ушбу йўналиш бўйича учиш истагида бўлган йўловчилар батафсил маълумотларни авиакомпанияларнинг расмий сайтларидан олишлари мумкин.