11 сентябрь куни Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида Янгиҳаёт ва Давлатобод туманларини ташкил этиш тўғрисидаги парламент юқори палатаси қарорлари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, ялпи мажлисда «Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида"ги Олий Мажлис Сенати қарори тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг май ойида Зангиота ва Сергели туманларига ташрифи давомида жамоатчилик вакиллари билан ўтказган учрашувида Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф Президент томонидан илгари сурилган эди.

Янгиҳаёт туманига Тошкент шаҳридан 2131,2 гектар ҳамда Тошкент вилоятидан 2288,4 гектар, жами 4419,6 гектар ер майдони ажратилиб, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари мувофиқлаштирилмоқда.

Бу билан Янгиҳаёт тумани 115 та саноат корхонаси, 277 та хизмат кўрсатиш корхонаси, 1148,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ва 388,8 гектар аҳоли томорқа ерларини ўз таркибига олади.

Янги ташкил этилаётган туман Тошкент шаҳрига бўйсунувчи туманлар тоифасига киритилиб, аҳолиси 147 минг нафарни ташкил этади ва пойтахт аҳолисининг 5,8 фоизини қамраб олади. Шунингдек, 47 та штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг туман бўлимлари ташкил этилади.

Шунингдек, мажлисда «Наманган вилоятининг Наманган шаҳар таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида"ги Олий Мажлис Сенати қарори ҳам тасдиқланди.

Давлатобод тумани шаҳар таркибидаги туман тоифасига киритилиб, 21 та штат бирлигидан иборат туман ҳокимлиги, вазирлик ва идораларнинг барча туман бўлимлари ташкил этилиши белгиланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Давлатобод туманига 1977 йил 29 августда асос солинган. Унинг ҳудуди 1125 гектарни ташкил қилган бўлиб, Ўзбекистон Олий Мажлисининг 2003 йил 12 декабрдаги қарорига асосан туман тугатилган ва 2004 йил 1 январдан Наманган шаҳри таркибига қўшиб юборилган.

Муҳокама қилинган Сенат қарорига кўра, Наманган шаҳри ҳудудининг 4686 гектар (26%) ер майдонида Давлатобод тумани ташкил этилиб, илгари 2004 йилгача фаолият кўрсатган Давлатобод тумани ҳудудига нисбатан қарийб 4,2 баробарга кенгайтирилмоқда.

Янгидан ташкил этиладиган туман ҳудудида 25 та маҳалла фуқаролари йиғини, 33850 та хонадон, 421 та кўп қаватли уй, 3 та касб-ҳунар коллежи, 18 та умумтаълим мактаби, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та тиббиёт муассасаси, 1280 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 698 та хизмат кўрсатиш объекти, 429 та саноат корхонаси ҳамда 2 та маданий мерос объекти мавжуд. Туман аҳолиси 149,6 минг нафарни ташкил этиб, Наманган шаҳар аҳолисининг 23,8 фоизини қамраб олади ва истиқболда замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига урбанизация жараёни жадаллашишига, шунингдек, янги инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.