Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи АҚШнинг CNHI компанияси билан биргаликда TZST CE-220 пахта териш машинаси — трансформер ишлаб чиқаришни ўзлаштирди, дея хабар қилди ЎзА.

Янги авлод пахта териш машинасидан йил давомида, хусусан, чигитни қадашдан тортиб ҳосилни йиққунга қадар дала ишларида фойдаланиш мумкин. Янги лойиҳа CNHI RND конструкторлик-технологик маркази билан ҳамкорликда New Holland TD5.110 моделидаги тракторлар янги авлоди базасида амалга оширилди.

«Янги авлод машинасига терим пайтида бункер ўрнатилади, мавсум якунлангандан сўнг бункер ечилиб, универсал ҳайдов трактори сифатида ишлатилади, — деди бош технолог Мурод Эргашев. — Машина кунига ўртача 20 тоннагача пахта теради. Агрофон яхши тайёрланган бўлса, ундан ҳам кўп териши мумкин. Бункер ҳажми 1 минг 200 килограмм. Ушбу пахта териш машинаси 400 теримчининг ўрнини боса олиши билан янада аҳамиятлидир».

«2018 йилда бу машинанинг тўлиқ лицензиясини сотиб олганмиз. Яъни, брендни ўзимизда ўзлаштирдик. Бугун эса ўз брендимиз остида пахта териш машинасини ишлаб чиқаришга киришдик», — дейди Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи Инвестиция ва маҳаллийлаштириш бошқармаси бошлиғи Мирзаали Шералиев.

Ўтган йили шу русумда 50 та техникани тажриба тариқасида чиқарилган. Синов яхши натижа берди. Жорий мавсумда 500 та ана шундай машина ишлаб чиқарилади. Ҳозиргача 100 тадан ошиғи фермерларга етказиб берилган. Бугунги кунда маҳаллийлаштириш даражаси 20 фоизни ташкил этмоқда.

Янги авлод техникасида 4 мингдан зиёд детал бўлса, шундан 2 мингдан ортиғи ўзлаштирилди. Ҳозирча двигатель, пахта териш аппарати четдан келтириляпти. Пахта териш аппаратини ўзлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, заводда икки ойда ишлаб чиқариш ҳажми кунига 5 дона техникадан 40 тагача оширилди. Амалга оширилаётган такомиллаштириш ишлари натижасида йил охирида ишлаб чиқариш қувватини 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.