Эри томонидан аёвсиз калтакланиб, «памперс» едирилган самарқандлик аёлга вилоят ҳокимлиги томонидан икки хонали уй ажратилади. Бу ҳақда Самарқандда таҳдид ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишга бағишланган брифингда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сайёра Жумаева маълум қилди, дея хабар берди ЎзА.

«Самарқанд шаҳрида яшовчи бу қизимиз ва унинг фарзандлари вилоят ҳокимлиги ва бошқармамиз ҳимоясига олиниб, унга зарур тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда, — дейди Сайёра Жумаева. — Оиладаги вазиятни ўргандик, Мустаҳкам фикрларини эшитдик, у билан деярли ҳар куни суҳбатлашяпмиз. Ҳозирда бу оилани сақлаб қолиш ёки уларни яраштириш ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Чунки, мавжуд вазият бунга имкон бермайди».

Сайёра Жумаева вилоят ҳокимлиги унга икки хонали уй ажратмоқчи эканини маълум қилди. Шунингдек, саломатлиги яхшиланганидан кейин Мустаҳкамни иш билан таъминлаш чораси кўрилади.

«Умуман, бу қизимизни энди ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз. Куни кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г. Маъруфова ҳам унинг ҳолидан хабар олиб, суҳбатлашди. Мустаҳкам ҳимояга олиниб, унга қандай ёрам зарур бўлса, кўрсатилиши маълум қилинди», — деди у.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари мазкур ҳолат катта сабоқ бўлганини таъкидлади. Чунки, Мустаҳкам яшаётган оила маҳалладаги тинч оилалардан бири деб қаралган, нотинч оилалар рўйхатига киритилмаган.

«Ваҳоланки, бу оила ичида бўлаётган гап-сўзлар, эр-хотиннинг узоқ давом этиб келаётган келишмовчилиги ва аёлга нисбатан зўравонликка маҳалла ўз вақтида муносабат билдириши керак эди. Маҳалла фақат нотинч оилалар билан эмас, тинч деб қаралган, аслида муаммолар ичида қолган оилалар билан ҳам ишлаши кераклигини англадик», — дея таъкидлади Сайёра Жумаева.

Брифингда Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Дамир Султонов ҳам мазкур ҳолат юзасидан маълумот бериб, хотинига нисбатан зўравонлик қилган Ш. Каримовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирди.

«22 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу ҳолатдан бугун кўпчилик яхши хабардор. Хотинига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган Ш. Каримов 24 август куни ушланиб, суд қарори билан тегишли тартибда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, — деди Дамир Султонов. — Ҳозирда ижтимоий тармоқларда бу шахс қамоқдан қўйиб юборилибди, эр-хотинни яраштириш чораси кўриляпти экан, деган гап сўзлар тарқалмоқда. Аммо бу гаплар асоссиз. Ш. Каримовга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган. Жиноят-процесуал кодекси талабларига кўра, ушбу жиноят ишини яраштириш билан тугатиш имконсиз»

Дамир Султонов жиноят иши қўзғатишга асос бўлган Жиноят кодекси моддалари бўйича билдирилаётган фикрларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, жиноят иши дастлабки тўпланган терговолди ҳужжатларига асосан 105-модда билан қўзғатилган. Ҳозирда жабрланувчи ва гумон қилинувчи, гувоҳлар сўроқ қилинмоқда.

«Экспертиза хулосалари олинган. Барча кўрсатма ва важлар текширилмоқда. Иш бўйича аниқланган ҳолатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди ва бу жиноят ишига қўшиб борилади. Айни пайтда иш тергов жараёнида бўлгани, тергов сири деган тушунчалар борлиги сабабли барча ҳолатларни ошкор эта олмаймиз», — деди у.