Асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, 14 фоиз даражасида белгиланди, дея маълум қилди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. Бу ҳақдаги тегишли қарор 10 сентябрь куни Марказий банк бошқарувининг йиғилишида қабул қилинди.

Қайд этилишича, ушбу қарор инфляциянинг янада секинлашиб йил якунида прогноз кўрсаткичларига эришиш бўйича ишончнинг мустаҳкамланиши, иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкаларини сақлаб қолиш зарурати, шунингдек, пандемия шароитида инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш билан изоҳланади.

«Йил якуни бўйича инфляция прогнози 11−12,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақланиб қолинди ва бунда инфляциянинг прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада шаклланиш эҳтимоли ортмоқда. Шунингдек, иқтисодиётда инфляцион кутилмалар барқарор пасайиши ва макроиқтисодий барқарорликнинг сақлаб қолиниши шароитида инфляция прогнози янада пасайтириш томонга кўриб чиқилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда 2023 йилга қадар инфляциянинг 5 фоизлик доимий мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

Эслатиб ўтамиз, охирги марта Марказий банк асосий ставкани 14 апрель куни 16 фоиздан 15 фоизгача тушурганди.