Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ижтимоий тармоқларда тарқалган Навоий вилоятида Қуръони карим китоби ичига гиёҳванд модда яширган имом-хатиб (айрим манбаларда «мулла») қўлга олингани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Daryo нашрининг маълум қилишича, 1969 йилда Навоий вилояти Нурота туманида туғилган фуқаро 1800 доллар эвазига танишига 3,84 грамм «опий» гиёҳванд моддасини сотаётган вақтда Навоий вилояти ИИБ ва ДХХ Навоий вилояти бошқармаси тезкор ходимлари томонидан қўлга олинган. Хабар берилишича, фуқаро гиёҳванд моддани сотишда Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримдан фойдаланган. У 2 граммга яқин гиёҳванд моддани мазкур китобнинг ичига яширган.

Мусулмонлари идораси ушбу ҳолатни ўрганиб, мазкур қўлга олинган шахс Диний идора тизимида мутлақо ишламаслиги тўғрисида тегишли ОАВ ва интернет манбалари масъулларига хабар берди. Шундан кейин «имом-хатиб», «мулла» сўзлари «шахс», деб қайта таҳрир қилинди.

Таъкидланишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим нохушликларни муборак Ислом дини, масжид ёки имом-домлаларга боғлаш ҳолатлари кузатилмоқда, бу иш гуноҳ ҳисобланади.

Жиноят қилган одамнинг динга бўлган муносабати ҳар қандай ҳолатда ҳам олдинги саҳнага олиб чиқилмаслик керак. Бу одам жиноят қилган бўлса, қонуний жазосини олади. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш илинжида масжид ё имомни ёмонотлиқ қилишга уриниш — оғир гуноҳ. Ҳар бир ижодкор мазкур мавзуларда сўз юритар экан, тасаввурида Аллоҳ таоло ва Унинг Расули, Ислом дини қадр-қиммати пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англайди, дейилади Мусулмонлар идораси хабарида.

Идора ОАВ вакиллари, журналистлар, сайт мухбирлари, ижтимоий тармоқлар юритувчилари ва блогерларни муборак Ислом дини, Диний идора, масжидлар, уламолар ва имом-домлалар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай хабарларни ёритишда яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.