9 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг фармонларига асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамда Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

ФВВга шу вақтга қадар Ички ишлар вазирлиги зиммасида бўлган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, фуқаролар муҳофазаси, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа вазифалар юклатилди. Шу билан бирга, Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигидан саноат хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича вазифалар янги ташкил этилган вазирликка юклатилди.

Шунингдек, ФВВга Миллий иқтисодиёт вазирлигидан давлат моддий захирасини шакллантириш ва ривожлантириш вазифаси ҳам топширилди.

Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлигига эса Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлигининг бир қатор вазифа ва ваколатлари топширилди.

Булар қаторида ислоҳотларни амалга оширишда зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни амалга оширилишини назорат қилиш ва баҳолаш, идоравий статистика соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш, мамлакат тараққиёти ҳамда халқаро вазиятни стратегик башорат ва таҳлил қилиш кабилар ўрин олган.

Янги ташкил этилган давлат тузилмаси — Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлигидан мамлакатдаги товар бозорларида рақобатни ҳимоя қилиш ва монополистик фаолиятни чеклаш, давлат монополияси билан боғлиқ фаолиятни назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасидаги вазифалар ва ваколатлар топширилди.

Таъкидланишича, мазкур иккита агентлик давлат раҳбарига бўйсунувчи давлат органлари ҳисобланади.