Январь-август ойларида республика ҳудудида 3596 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Шулардан 991 таси ўлим билан боғлиқ ва 2605 таси тан жароҳати билан боғлиқ ҳодисалардир. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси расмий Telegram-каналида хабар берилди.

2019 йилнинг хос даврида ушбу кўрсаткич бу йилгидан 12,6 фоизга кўпроқ бўлган, яъни 4116 тани ташкил этган.

Сўнгги саккиз ой ичида содир этилган ЙТҲларнинг 1528 таси пиёдалар, 619 таси болалар ва 471 таси велосипедчилар иштирокида рўй берган. Бундан ташқари, 198 та ҳолатда бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар иштирокида, 112 тасида лицензиясиз таксилар иштирокида ва яна 108 ҳолатда мотоцикллар иштирокида ҳодисалар содир этилган.

ЙТҲларнинг 48,9 фоизи давлат аҳамиятидаги йўлларда, 28,2 фоизи маҳаллий йўлларда, 22,9 фоизи ҳалқаро йўлларда рўй берган.

Кўпинча, яъни 28,4 фоиз ҳолатларда ЙТҲ пиёданинг белгиланмаган жойдан кесиб ўтишга уриниши оқибатида келиб чиққан. Шунингдек, 17,1 фоиз ҳолатларда белгиланган тезликка риоя қилмаслик, 13,1 фоизида велосипедларнинг йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиши, 9,3 фоизида пиёдалар ўтиш жойи бўлмаган йўлда ҳайдовчи уни кўрмай қолиши, 7 фоизида бетон тўсиқлар йўқ жойда қарама-қарши йўналишга чиқиш, 3,2 фоизида ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ва 2,5 фоизида автомобилни маст ҳолда бошқариш ҳодисаларнинг содир этилишга сабаб бўлган.

ЙТҲларнинг катта қисми (76,6 фоизи) кун давомида рўй берган. 23,4 фоизи эса тун вақтида содир этилган.