Дунёнинг бирон бир мамлакати 25 йил аввал қабул қилинган Хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Пекин декларацияси тамойилларини тўлиқ бажаришга яқинлашмади, дейилади БМТнинг матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси гендер тенглиги соҳасидаги энг муҳим халқаро ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Унда танлов эркинлиги ва имкониятлар тенглиги тамойиллари мустаҳкамланган. Декларацияда, хусусан, барча қизлар ва аёллар зўравонликсиз яшаш, таълим олиш ва эркаклар қатори тенг иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланади.

«[Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасида мустаҳкамланган] мазкур режа фақат қисман амалга оширилди. Биз ҳали ҳам эркаклар ҳукмронлик қиладиган дунёда яшаяпмиз, маданиятимиз ҳанузгача эркакларга йўналтирилган ва бу вазият ўзгариши керак», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

БМТда дунёдаги ҳукумат вакиллари ва раҳбарларининг фақатгина 25 фоизини аёллар ташкил этиши эслатиб ўтилди. Парламент аъзоларининг 75 фоизи ва раҳбарларининг 73 фоизи ҳанузгача эркаклардир.

Жорий йил коронавирус пандемияси туфайли аёлларнинг аҳволи ёмонлашди. БМТ маълумотларига кўра, пандемия яна 47 миллион аёл ва қизни қашшоқлик чегараси остига қўяди.

«Биз биламизки, аёллар оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш бўйича кўп вазифаларни ўз зиммаларига олишади; улар камроқ иш ҳақи оладилар, шу сабабли камроқ тежаш имкониятига эга; одатда улар барқарор иш жойларида ишламайдилар», — дея таъкидлади БМТнинг Аёллар бўлими раҳбари Фумзиле Мламбо-Нгкука.

БМТ барча мамлакатларни Пекин декларацияси тамойилларини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтиришга ҳамда аёллар ва қизларнинг аҳволини яхшилаш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди. 1 октябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг яқинлашиб келаётган сессияси доирасида дунё раҳбарлари иштирокида шу мавзуга бағишланган учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган.