Ўзбекистон хуфиёна иқтисодиёти 245 трлн сўмни ёки ЯИМдан умумий улуши тахминан 48 фоизни ташкил этади. Бу рақамлар Давлат солиқ қўмитасининг таҳлилларида келтирилади.

Хуфиёна иқтисодиётга сабаб бўлаётган омиллардан бири, бу — харид чекини талаб қилмаслик, дея қайд этилади қўмита хабарида. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектлари орасида носоғлом рақобат муҳитининг шаклланишига олиб келади.

«Агар ҳар бир истеъмолчи томонидан чек талаб қилинса, хуфиёна иқтисодиёт улуши қисқариши баробарида, солиқлардан бўйин товлаш ҳолатлари камайиб, бюджет тушумлари ошиб боради. Натижада мамлакат иқтисодиёти ривожланади», — дея таъкидланади қўмита хабарида.

Давлат солиқ қўмитасининг эслатиб ўтишича, сотиб олиш жойларида чек бериш талаби рад этилган тақдирда, истеъмолчи қуйидагиларга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

  • (71) 244−98−98 ёки 1198 рақамли «ишонч телефони»га;
  • Soliq мобиль иловасидаги Soliq hamkor бўлими орқали;
  • ДСҚнинг Telegram-боти орқали;
  • Электрон солиқ хизматлари портали (my.soliq.uz) орқали.