Москванинг Пресненский суди актёр Михаил Ефремовни Садовая ҳалқасидаги йўл-транспорт ҳодисасида вафот этган ҳайдовчининг ўлимида айбдор деб топди ва 8 йилга озодликдан маҳрум қилди, дея хабар берди РИА Новости.

Актёрни суд залида ҳибсга олишди. Унгача у уй қамоғида назоратда бўлган.

Суд, шунингдек, Ефремовга ЙТҲда вафот этган Сергей Захаровнинг катта ўғли учун 800 минг рубль миқдоридаги товон пулини тўлашини шарт қилиб қўйди. Бундан ташқари, Ефремов уч йилгача транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Жабрланувчи томон суд қароридан норози эмаслигини билдирди. Прокуратура Ефремов учун 11 йиллик умумий режимдаги колонияда сақлаш жазоси берилишини сўради.

Актёр Михаил Ефремов кечки соат 8 июнь куни ўзининг Jeep Grand Cherokee русумли автомобилини бошқараётиб, Москвадаги Смоленск майдонидаги йўл чизиғини кесиб ўтган ва қарама-қарши йўл қатнов қисмига ўтиб кетиб, «Лада» юк машинаси билан тўқнашган. Юк машинаси ҳайдовчиси, интернет-дўкон курьери Сергей Захаров ёпиқ мия жароҳати билан шифохонага ётқизилган. У эртаси куни оламдан ўтган.

Воқеа жойидаги тиббий текширув натижалари шуни кўрсатдики, ҳалокат пайтида актёр маст ҳолатда бўлган. Унинг организмида 1,05 ёки 1,25 промилле алкоголь аниқланган. Кейинроқ эса унинг қонида наркотик моддаларнинг белгилари аниқланган.