Фарғона вилоятида олиб борилган 10 кунлик ўрганишлар давомида 15 та ишлаб чиқариш объектларида, шу жумладан, оҳак ва бошқа турдаги қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек, АЁҚШ текшируви давомида қўпол қонунбузарликлар ва 1,3 млн кубометрдан ортиқ газни ўғирлаш ҳамда газни ҳисобга олишдаги қонун бузилишлари билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланди. Газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори эса 1,35 млрд сўмдан зиёдни ташкил этди, дея хабар берди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати.

Табиий газдан фойдаланишдаги қонун бузилишларининг асосий қисмини умумий фойдаланишдаги газ тармоқларига рухсатсиз уланиш, ҳисоблаш ускуналарига, уларнинг муҳрларига қасддан зарар етказиш, шунингдек, улардаги кўрсатгичларни ўзгартириш учун рухсатсиз таъсир ўтказиш кабилар ташкил этди.

Жумладан, «Қўқоншаҳаргаз» инспектори 24 август куни газ ҳисоблагич кўрсаткичларини текшириш учун оҳак ишлаб чиқарувчи «Оҳак Микс» МЧЖга келади. Корхона раҳбарияти газ таъминоти бўйича шартномада ҳисоблагич кўрсаткичларини тўсиқсиз текширишни назарда тутувчи банд шартларини қасддан бузган ҳолда, корхона фаолияти тўхтатилганлигини айтиб, газ таъминоти ташкилоти инспекторига газ ҳажмини қайд этишга рухсат бермаган. Бироқ, «Ҳудудгаз» метрология филиали ва «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали ходимлари билан биргаликда ўтказилган текширув давомида истеъмолчи ўзбошимчалик билан 140 тонналик оҳак печини лойиҳасиз қуриб олгани ва табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган. Шу билан, мазкур истеъмолчи қўшимча 419 минг кубометрдан ортиқ газ сарфлаб юборган.

Шунингдек, вилоятнинг Ўзбекистон тумани «Қоратепа» қишлоғида жойлашган Kokand Higher Lime оҳак ишлаб чиқариш цехида газ таъминоти корхонаси ходимлари томонидан TDS-80/400 газ ҳисоблагичининг ишлашига ноқонуний техник аралашувлар аниқланди, бу эса ундаги кўрсаткичлар ноаниқ бўлишига олиб келган. Бундан ташқари, цехда ҳисобга олинмаган иккита оҳактош печидан фойдаланилаётгани аниқланди. Текширилганда уларда 82 та ностандарт горелкалар ўрнатилгани аниқланди. Тузилган баённомага кўра, мазкур цех томонидан ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 869 минг кубометрдан ошди.

Ҳудди шундай қоидабузарликлар Қува вилоятидаги «Қува оқтош КУББО» МЧЖ, Ўзбекистон вилоятининг «Янгиқишлок» қишлоғида жойлашган «Извест белоснежная» МЧЖда ҳам аниқланган. «Тўлаш» аҳоли пунктида жойлашган корхоналардаги газ ҳисоблагичларида мажбурий муҳрланиши керак бўлган жойларда махсус муҳрлар йўқлиги ва Қувасойдаги иккита хусусий корхона газ ҳисоблагичларида манипуляция ўтказиб келганликлари аниқланди.

Қайд этилган қонунбузарликлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди. Шу каби бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича текширувлар эса давом этмоқда.