Наманганда ёш қиз ҳеч бир сабабсиз икки нафар эркакни дўппослаган, дея хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Хабарга кўра, 25 июнь куни соат 17:30 да 23 ёшли Г. А. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойи ҳисобланган Норин тумани Зарбдор МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида 33 ёшли У.А. ни ҳеч бир сабабсиз, қасддан қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб дўппослаш оқибатида унга тан жароҳати етказган.

Бундан ташқари, Г. А. безорилик ҳаракатларини олдини олаётган 30 ёшли А.Н. га фаол қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўллари билан қасддан бир неча маротаба урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г. А. га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.