Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, халқаро тоифадаги маданият ва санъат менежери Ҳусниддин Ато концерт фаолиятини лицензиялаш амалиёти мумтоз мусиқа ривожланишига тўсқинлик қилиши, ушбу соҳадаги хонанда ва созандаларга қийинчилик туғдираётганлиги ҳамда нега мумтоз мусиқа концертлари Ўзбекистонда кўп ташкил этилмаслиги ҳақидаги фикрларини «Газета.uz» билан бўлишди.

Йиллар давомида мурожаатларимни ўқийвериб, кейин навбатчи жавоблар йўллайверганлар энди хотиржам нафас олишлари мумкин. Сабаби мен учун оғир: Номоддий Маданий Мерос тарғиботи ва ривожига тўсқинлик қилаётган ва сизлар жон-жаҳдингиз билан қўллаб-қувватлаб келаётган лицензия борасида энди ёзмайман.

Ўз миллий маданиятинг, мумтоз меросинг ҳимояси ва ривожи учун ҳукуматга қанчалик таклиф киритмагин, барчаси бекор кетмоқда. Асос ва далиллар ҳам, барча-барчаси.

Аслида, Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони муҳокамага қўйилганида мумтоз мерос тарғиботи учун ёруғ кунлар яқиндек туюлганди, бунга ишонгим келмасди. Сабаби ушбу фармон лойиҳасига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Концерт-томоша фаолиятига лицензия бериш тартибини бекор қилган ҳолда Концерт-томоша фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома тақдим этиш тартибига ўтилиши керак эди. Минг афсуслар бўлсинки, бундай бўлмади.

24 августда имзоланган ушбу фармонда концерт фаолиятига тегишли банд бутунлай олиб ташланди. Бундан эса ушбу соҳада ҳеч қандай ўзгаришга ҳожат йўқ, ҳаммаси мукаммал деган хулосага келинди. Лойиҳа ҳимояси учун порталда мен келтирган асос ва далиллар эса, афсуски, сўнгги қарорни қабул қилган ҳеч бир ватан фарзандини қизиқтирмади.

Қизиқтирмайди ҳам, бундан олдин ҳам қизиқтирмаган. Аввал бўлганидек, энди ҳам Номоддий маданий мерос жиловланишда, эстрада ва шоу-бизнес билан бир қозонда қайнашда ва унинг чангида қолишда, оммавий маданият ўрмонида адашишда давом этади.

Қорақалпоғистонлик бақсилар Гулшинар Кудайбергенова ҳамда Эрисбай Аскаровлар иштирокидаги «Достон кечаси». 2018 йил. Фото: Ҳусниддин Ато.

Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби номоддий маданий мерос ривожи ва тарғиботи, миллий чолғу ижрочилиги ҳамда профессионал концертлар ташкил этилишига жуда катта тўсиқ, халқаро рақобатга мос маҳоратли хонанда ва созандалар, жамоаларнинг етишиб чиқиши йўлидаги улкан девор ҳисобланади.

Аслида, биз умуман ижод соҳасида, эстрада-концерт фаолияти соҳасида лицензиянинг бекор қилиниши тарафдоримиз. Буни бемалол ҳар қандай баҳсли жараёнда исботлай оламиз ҳам. Лекин бизни энг ташвишлантирадигани, бу — Номоддий Маданий Меросимизга нисбатан содир бўлаётган аянчли тарихий фожеадир.

Ўзбекистонда Номоддий Маданий Мерос йўналишида ижод қилаётган ижодкорларнинг қонун доирасида мустақил фаолият олиб боришлари учун бирор ҳужжатда ҳуқуқ ва эркинликлар келтириб ўтилмаганлиги сабабли ҳам асосан эстрада йўналишидаги концерт фаолияти учун ишлаб чиқилган қоидаларга рўпара бўлишларига тўғри келади. Бу эса ўз навбатида анъанавий халқ мусиқаси ва миллий рақслар борасида шундоқ ҳам ночор кечаётган тарғибот ишларига, йўқолиб бораётган меросларимизни сақлаб қолиш ва келажак авлодга етказиш ишларига тўсқинлик қилмоқда.

Биз истаганча махсус мактаблар, махсус олийгоҳлар ташкил этмайлик, ушбу ижрочи ва ижодкорларнинг эркин ижод қилишлари, ва ўз ижодларини профессионал тарзда намойиш этишлари учун мукаммал тизим яратилмас экан, келажакда барчалари ўша машҳур лицензия аталмиш деворга бориб урилишлари, ва ўз ижодларини фақатгина давлат тасарруфидаги ансамбллар, ва шунингдек, тўйлар билан чеклашларига тўғри келади.

Анъанавий ва халқ мусиқа меросини лицензия тўсиғидан қандай қилиб қутқариш мумкин, деган савол устида мен талабалик давримдан, тахминан 2003-йиллардан бошлаб бош қотириб келаман. Айнан шу йиллардан бошлаб мумтоз мусиқа меросини интернет орқали тарғиб қилишни бошлаганман. Бу мавзудаги расмий мурожаатларим тарихи эса 2014 йилнинг мартидан бошланади.

Ўзбекистон халқ бахшиси Абуназар Поёнов иштирокидаги «Достон кечаси». 2015 йил. Фото: Ҳусниддин Ато.

2014 йил 24 март санасида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Маданият Вазирлигига, шунингдек, 2014 йил 13 декабр санасида марҳум биринчи президентимиз Ислом Каримов номига йўллаган хатларимда концерт фаолияти учун жорий этилган лицензия ва солиқлар борасида қуйидаги таклифларни берган эдим:

  • асосини миллий мусиқамиз, мақомларимиз, миллий чолғуларимиз иштироки ташкил этадиган концерт дастурлари ташкиллаштирилаётган жисмоний ва юридик шахсларга кенг имкониятлар яратиш;
  • мумтоз йўналишда ижод қилаётган ва профессионал чолғу ижрочилиги ривожига қаратилган концерт дастурлари учун имтиёзлар жорий этиш ва ҳужжатларда алоҳида келтириб ўтиш;
  • хонанда, созанда ва концерт ташкилотчиларининг махсус таянч маълумотга эгалиги борасидаги ҳужжатини алоҳида эътиборга олиш;
  • мақом, мумтоз мусиқа, достонларнинг яккахон ва гуруҳ ижрочилари, миллий чолғулар асосидаги концерт дастурлари ташкилотчиларини махсус рухсатнома олишдан озод қилиш борасидаги мавжуд ҳужжатларга ўзгартириш киритиш;
  • электрон чолғулар (синтизатор, басс гитара, барабан) аралашмасидаги мусиқий концертлардан солиқлар қисқартирилиши;
  • ўз табиий овозига эга бўлган чолғулар воситасидаги концертлар, мақомлар, миллий куй-қўшиқлар ва достонлар ижросидаги концертлар эса солиқлардан озод қилиниши лозим.

Ушбу таклифлар билан 2014 йилдан буён Олий Мажлис қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, Давлат Солиқ қўмитаси, Олий Мажлис Сенати, Адлия вазирлиги, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевларга мурожаат киритиб келганман.

Қуйидаги саволлар эса 2017 йил 7 май ва 4 декабр саналарида президент Шавкат Мирзиёевга йўлланган мурожаатимда мавжуд муаммони баён этишимда келтирилганди:

  • Мумтоз мусиқа йўналишидаги концерт дастурларини қаерда тинглаш мумкин?
  • Шашмақом туркуми ҳамда Катта ашула йўналишидаги концерт дастурлариничи?
  • Тошкентда бир ойда/йилда неча бор мумтоз/шашмақом/халқ мусиқаси асосидаги концертлар бўлиб ўтади?
  • Бир йилда хориж мамлакатларида (элчихоналар иштирокисиз) неча бор Ўзбекистон мумтоз, халқ мусқаси асосидаги концертлари ташкиллаштирилади?
  • Ўзбекистонда мусиқа меросига оид махсус музей борми?
  • Хорижлик тадқиқотчилар ўзларини қизиқтирган маълумотлар, мусиқий, мақом намуналарини олиш учун қаерларга мурожаат қилишлари мумкин?
  • Сиз қанча эстрада ва қанча анъанавий йўналишда ижод қилаётган хонанда ва созандани санай оласиз, ва уларни охирги концертлари қачон, қаерда ва нечи кун давом этган?
  • Бир йилда битта эстрада хонандаси нечи турдаги мусиқий албом нашр эттиради?
  • Анъанавий йўлда ижод қилаётганларчи?
  • Анъанавий йўлда ижод қилаётган қайси созандаларни биласиз ва улар қандай чолғуларда ижро этишади?
  • Ўзбекистон Консерваториясининг Анъанавий ижрочилик бўлимини битираётган талабаларнинг нечи фоизи айнан анъанавий йўлда ижод қилишаяпти?
  • Ушбу талабалар бугунги кунда Шашмақом туркумидаги йирик асарларни қаерларда ижро этишаяпти?

Бундай саволларга жавоб бериш учун соҳадаги фаолиятларни таҳлил қила оладиган, танқидий ёндаша оладиган журналистлар, халқаро тажрибага эга мутахассислар, афсуски, етишмайди. Ҳаттоки, Маданият вазирлиги ва тизим ташкилотлари раҳбар ва ходимлари билан бўлган суҳбатларда ҳам ҳар доим масала боши берк кўчага кириб, жиддий ислоҳотлар талаб этилиши шартлигига бориб тақалаверган.

Қуйидаги таклифлар ҳам алоҳида эътиборга олиниши лозим:

  1. Интернетда Ўзбекистон анъанавий ва халқ мусиқа мероси фоноархивини яратиш ва мунтазам тарғиб этиб бориш;
  2. Ўзбекистон Давлат Консерваторияси магистратура босқичи учун махсус мусиқа (шу жумладан маданият ва санъат) менежменти курсини жорий этиш;
  3. Замонавий инновацион технологиялар асосида Ўзбекистон мусиқа мероси музейини ташкил этиш;
  4. Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларда анъанавий ва халқ мусиқа меросимиздан жонли равишда намойиш этиш истагида бўлган жисмоний ва юридик шахсларга кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратиш;
  5. Хориждаги концертларга, фестивалларга йўл олаётган анъанавий ва халқ йўналишида ижод қилаётган мустақил созанда, хонанда, раққоса ва жамоалар сафар харажатлари, авиа чипталари учун махсус грантлар ажратиш;
  6. Нодавлат ташкилотлар истагига кўра турли мусиқа фестивалларини, маданий лойиҳаларни молиялаштиришга кўмаклашиш тизимини жорий этиш;
  7. Хусусий ташкилотларнинг нуфузли халқаро мусиқа ва санъат ярмаркаларида иштирок этишларига ҳукумат томонидан молиявий кўмаклашиш;
  8. Жанубий Корея, Туркия, Германия, Эстония, Россия, Эрон, Франция, Швеция, Норвегия, Финландия, Латвия, Қозоғистон, Чехия, Белгия, Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон каби давлатларнинг маданий, мусиқий сиёсат, менежмент, фестивалларни ташкиллаштириш соҳасидаги ва яна бошқа кўпгина йўналишлардаги тажрибаларини ўрганиб, ўзлаштириш.

Бундай мурожаатларни ёзиш, таклифлар беришнинг умуман нафи йўқ экан. Шу ерга келганда барча умидлар сўниб бўлди. Фидоийлик сўзининг маъноси эса луғатдагидан умуман бошқа эканини ҳам англаб етдим. Афсуски, ўшанда «оввора бўлиб нима қиласан, барибир бефойда» деган маслаҳатларга эътибор бермай бекор қилган эканман. Ҳаттоки, мурожаатларим қўлига бориб тушаётган ходимларнинг «анави яна ёзибди, айтинглар, ёзмасин, бунисига яна нима деб жавоб ёзаман?» — деганларига ҳам эътибор қилмабман.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон бахши Матёқубов иштирокидаги «Достон кечаси». 2018 йил. Фото: Ҳусниддин Ато.

Мумтоз мусиқа концертлари борасида суҳбат қилганимда, деярли барчанинг, ҳатто юқори мартабали соҳа раҳбарларининг ҳам «бунақа концертларга одам кирадими ўзи?» деган сўзларидан кейин ушбу соҳамиз, меросимиз ва унга нисбатан муносабат қай аҳволда эканини ҳис қилиш қийин эмас эди, аслида.

Энди ҳар ким ўзига юқоридаги саволларни бериб кўрсин. Сиз охирги марта қачон мумтоз мусиқа концертига тушдингиз? Бу борада ҳар бир депутат, ҳар бир сенатор ўзидан сўрасин, ҳар бир вазир ўзига савол берсин.

Тўғри, истаган шахс бирор бир хонанда ёки созандани ўз хонадонига ёхуд бирор кичик даврага чорлаган ҳолда ўз чанқоғини қондириши мумкин, лекин бу фақат саноқли шахсларнинг эҳтиёжи ва чанқоғини қондириши мумкин бўлган кичик давра, холос. Ўзбекистондек мусиқа мероси ва маданияти бой мамлакат учун махсус концертларнинг, мусиқа кечаларининг мунтазам ташкиллаштирилмаслигини нафақат маънавий ва маданий жиҳатдан, балки имидж жиҳатидан ҳам катта йўқотиш деб биламан.

Анъанавий йўлда ижод қилаётган санъаткорларнинг, ҳаттоки, аксарият номдор Халқ артистларимиз ва ҳофизларимизнинг бирорта концертларини учратмаслигимизнинг сабаби ҳам айнан шу лицензия масаласи эканлигини ҳеч ўйлаб кўрдикми? ОАВда Халқ артистлари ва ҳофизларини суҳбатга чорлаб, нега ижоддан четлашгани ва концертлар бермаётганлиги борасида суҳбат қилинади-ю, лекин муаммо аслида нимада эканлигига жиддий ёндашилмайди.

Барча соҳаларда хусусий секторнинг фаолияти қўллаб-қувватланаётган бир даврда Ҳукумат маданият соҳасида ўзи сезмаган ҳолда муаммо яратилишига йўл қўймоқда. Эътибор қаратсангиз, расмий фаолият олиб борадиган, концертлар орқали даромад қиладиган бирорта ҳам мустақил анъанавий мусиқа ва рақс жамоаларини учратмайсиз. Бу фикрни инкор этмоқчи бўлганлар билан баҳслашишга тайёрман.

Найчи созанда Азамат Эргашев иштирокидаги «Мумтоз мусиқа оқшоми». 2018 йил. Фото: Ҳусниддин Ато.

Айни вақтда кўплаб соҳаларда тажрибалар қилинмоқда, нега энди ушбу йўналишда ҳам ҳеч бўлмаса тажриба қилиб кўриш мумкин эмас?! Маънавиятимизнинг ўтмаслашиши, эшитганда одам уяладиган жиноятлар содир этилаётганлигининг сабаби, эҳтимол, айнан тинглаш воситасидаги тарбияни унутаёзганимиздир?

Номоддий Маданий Мерос концертлари учун лицензияларни бекор қилмаган ҳолда ҳам концерт фаолияти ва тарғиботни амалга оширса бўлади. Бунинг учун давлат томонидан мунтазам грантлар ажратилиб бориши лозим. Лекин мен буни тавсия этолмайман, сабаби хусусий концертларнинг давлат томонидан молиялаштирилишининг адолатли ва шаффофлиги ҳамиша савол остида қолаверади. Энг маъқул йўл эса уларнинг барчасини лицензия олиш мажбуриятидан озод этишдир.

Лицензия олиш мажбуриятидан озод этилгач, албатта, бу соҳа бирдан ривожланиб кетмайди. Сабаби — мумтоз мусиқа концертлари деярли ҳамиша давлат томонидан ташкиллаштириб келинган ва мустақил ташкилотчилар ҳали шаклланмаган. Бу йўналишдаги концертлардан бирдан даромад олишни реалаштирмаслик лозим. Соҳа хусусий сектор иштирокида ривожланиб олгунига қадар бироз сабр қилишга, уни қўллаб туришга тўғри келади.

Ким қандай таклиф беришидан қатъий назар, амалга ошириладиган ислоҳотлар номоддий маданий мерос тарғиботига, ижрочиларнинг концерт-томоша фаолиятига, анъанавий ва халқ мусиқа мероси йўналишидаги ижоднинг ривожланишига ва бу соҳадан даромад қилинишига тўсқинлик бўлиши керак эмас.

Лицензия олиш мажбуриятининг бекор қилиниб, хабардор қилиш тарзига ўтказилиши миллий чолғуларимизнинг маҳоратли ижрочиларининг индивидуал бўлиб шаклланишларига, ўз устларида жиддий шуғулланишларига, мумтоз йўналишда ижод қилаётган созанда ва гуруҳларнинг концертларини кўпроқ ва мунтазам ташкиллаштирилишига, вилоятларимиз ва чекка ҳудудларимиз мусиқий анъаналарини ва мусиқачиларининг ҳам ривожланишларига йўл очиши мумкин эди.

Афсуски, энди бундай бўлмайди. Бу кетишда ҳеч қачон мустақил анъанавий жамоалар вужудга келмайди. Бу кетишда ҳеч қачон мустақил анъанавий концертлар кўпаймайди, ривожланмайди.

Соҳам ва касбим юзасидан ҳар йили дунё бўйлаб нашр этилаётган юзлаб аудио албомларни тинглайман. Улар орасида бирорта ҳам Ўзбекистонлик жамоанинг албоми учрамайди. Ҳар йили 50 дан ортиқ мусиқий ва рақс жамоаларининг жонли концертларини тинглаш имкониятига эга бўламан. Йил давомида 30 га яқин халқаро институтлар, музейлар, ташкилотлар, маданият марказларига ташриф буюриб, музокаралар олиб бораман, тажриба алмашаман. Йил давомида 100 дан ортиқ хорижлик мусиқашунос, менежерлар, продюсер, эксперт ва фестиваллар ташкилочилари билан мулоқотда бўламан.

Хорижлик мусиқий жамоаларнинг муваффақиятлари, фестивалларнинг довруғи ва маданият соҳасидаги бошқа кўпгина ҳолатларни Ўзбекистондаги вазият билан солиштириб, муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида бош қотираман. Ва ушбу тажрибадан келиб чиққан ҳолда ўтган 2016−2018 йилларда хориж саҳналарида Ўзбекистон мумтоз ва халқ мусиқа мероси, миллий рақсларини тарғиботи ўлароқ 140 дан ортиқ концерт, чиқишлар, маҳорат дарслари ташкиллаштиришга муваффақ бўлдим. Афсуски, COVID-19 сабабли 2020 йилдаги яна 40 га яқин хорижий концертлар бекор қилинди.

Ўзбекистон халқ бахшиси Абуназар Поёнов иштирокидаги «Достон кечаси». 2015 йил. Фото: Ҳусниддин Ато.

Хорижий мамлакатларда мусиқа мероси, маданий таълими ва тарғиботи бўйича хусусий ва давлат секторларига мансуб бўлган турли хил ташкилотлар ёнма-ён фаолият олиб боришади. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг деярли барчаси ҳукуматнинг, ҳомийларнинг молиявий кўмаги асосида амалга оширилади. Кўпгина хорижий давлатлар маданий сиёсати, менежмент тажрибаси бунга яққол мисолдир.

Масалан, Европани олинг. Классик мусиқа ижрочилиги у ерда катта даромад келтирмаса ҳам, обрўли соҳа ҳисобланади. Жоиз бўлса, бу борадаги таҳлилий мисолларни бир қанчасини келтиришимиз ҳам мумкин. Лекин биз эса ўз фаолятимиз, лойиҳаларимиз учун ҳали ҳукуматдан молиявий ёрдам сўрамадик.

Бизда Ўзбекистон маданий, мусиқий имиджини шакллантириш борасида талайгина таклифларимиз бор. Лекин, миллий меросимизни сақлаш ва ривожлантиришга йўл бермаётган оддий масалалар борасида ижобий муносабатга, ўзгаришга эришолмаётган эканмиз, қандай қилиб глобал, оламшумул лойиҳалар ҳақида гап очишимиз мумкин?!

Биз Ўзбекистонда Номоддий Маданий Меросни сақлаб қолиш, ривожлантириш, тарғиб этиш ва ёш авлодга етказиш борасидаги қопланмаётган харажатларимиз, бепул ташкиллаштираётган достон ва мақом кечаларимизни ўтказишимиздаги тўсқинликлар, давлат маданият тизимининг бизга рақобатчи сифатида қарашлари борасида ҳали ҳеч қандай сўз очмаганмиз. Аммо бизда бу каби муаммолар мавжуд. Токи хусусий маданият ташкилотлари маданий тарғибот ишларида ҳукумат томонидан ҳимояланмас экан, у давлатга бегоналигича қолаверади.

Халқаро Пресс-клубнинг 20-августда бўлиб ўтган навбатдаги сонида Маданият вазири Озодбек Назарбеков қуйидагича фикр билдирди:

«Aвваллари санъаткорларнинг четга чиқиши жуда муаммо эди. Мингта жойдан рухсатнома олиш керак бўларди. Мен фалон куни фалон жойга бораман, фалон киши билан кўришаман, деб ёзиб бериш керак бўларди. Aгар четга чиққанлигини давлат билмаса, жазо қўлланиларди. Бугунги шароитлар жуда кўп санъаткорларимизга четга чиқиб, мигрантларимизга хизмат кўрсатиш имконини беради».

Шу ўринда савол туғилади, ҳатто бу даражадаги номдор санъаткорлар шундай ҳолатларга учраган экан, биздек кичкина одамлар бундай ҳолатларда дардимизни кимга айтайлик?

Минг афсуски, анъанавий мусиқий меросимиз борасида хорижда амалга ошираётган тарғиботимиз учун гарчи ҳукуматдан бирор кўмак олмаётган бўлсакда, ҳатто сафарларни ташкиллаштиришдаги харажатлар қопланмаётган бўлсада, бизнинг тарғибот ишларимизга нисбатан турли қаршиликлар, тўсқинликлар ҳали кўп бўладиганга ўхшайди.

Созандалар Аброр Зуфаров ва Музаффар Расулхўжаев иштирокидаги «Мумтоз мусиқа оқшоми». 2018 йил. Фото: Ҳусниддин Ато.

Ҳукуматда маданий мерос тарғиботи билан шуғулланишни ўз олдига мақсад қилган хусусий секторга ўрин йўқ. Қанча лойиҳаларни амалга оширманг, «балки ўз кўзи билан кўриб, фикри ўзгарар», деган мақсадда тадбирларингизга қанча таклифнома жўнатманг, сизни ҳатто эслашмайди ҳам. Чунки, сиз давлат секторидан эмассиз. Сиз хусусийсиз. Сиз бегонасиз. Таъбир жоиз бўлса, ўгайсиз…

Ҳаттоки, яқинда бўлгани каби карантин даврида ҳам ҳеч кимдан ёрдам сўролмайсиз. Барча соҳани қамраб олаётган имтиёзлар маданият соҳасини четлаб ўтаверди. Сабаби — маданият тизимида хусусий сектор бегона саналади.

Мана шулар менинг Ўзбекистон анъанавий ва халқ мусиқа мероси, номоддий маданий мероси иштирокидаги концерт дастурлари, ижрочилари ва маданият соҳасидаги ҳар қандай ташкилотчилар фаолиятини турли рухсатномалар олиш мажбуриятидан озод қилиш борасидаги сўзларим эди. Агарда бирор мард депутат топилса, балки масалани кўриб чиқишар. Балки яна 10−15 йиллардан кейин менга ўхшаган шу соҳанинг бирор бир телбаси ўртага чиқиб, шу масалани яна кўтариб чиқар. Балки ўшанда бирор нима ўзгарар. Лекин бугун эмас. Бугун кеч бўлди…

Ҳусниддин Ато — Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, дунё мусиқаси бўйича халқаро эксперт. Халқаро тоифадаги маданият ва санъат менеджери, тренер. «Transglobal World Music Chart» аъзоси. «OXUS Culture» жамияти раҳбари.

Муаллиф фикрлари таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.