Бугун, 6 ойлик танаффусдан сўнг, 7 сентябрь куни 329 мактаб анъанавий таълим тизимига қайтди ва ўқувчиларини қабул қилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ХТВ

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда илк бор коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг, 16 мартдан бошлаб, анъанавий таълим жараёнлари вақтинчалик тўхтатилиб, болалар уй шароитида онлайн таҳсил олишни бошлаган эди.

Хабарга кўра, Санитария хизмати марказлари 5 сентябрга қадар мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлик ҳолатини ўрганиб, жамоага қўшимча ўқув-тренинглар ўтказган, бундай тренинглар ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.

«Мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тегишли қарор санитария эпидемиология ва осойишталик марказининг хулосаси асосида маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари томонидан қабул қилинади», — дея таъкидланади баёнотда.

Вазирлик матбуот хизмати янги 2020/2021 ўқув йили расман14 сентябрь кунидан бошланишини эслатиб ўтди. ХТВ маълумотларига кўра, мамлакатдаги мактаблар сони 9942 тани ташкил этади.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган сўровномада 5 миллион 500 минг нафар ота-онадан 76 фоизи таълим жараёнини мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб бориш тарафдори бўлган, 24 фоизи эса масофавий шаклда — теледарслар орқали давом эттиришни маъқул кўришган.

Олдинроқ пандемия даврида мактабларга қўйиладиган вақтинчалик санитария талаблари вазирлик томонидан тасдиқланган эди.