«Навбаҳор» футбол клуби бош мураббийи Андрей Канчельскис коронавирусга қандай чалингани ва даволаниши ҳақида Россиянинг «Спорт-экспресс» нашрига берган интервьюсида айтиб берди. «Газета.uz» интервьюни қисман ҳавола этади.

— Андрей, ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?

— Раҳмат, ҳозир анча яхшиман. Пайшанбадан бери касалхонада даволанаяпман. Укол, дорилар…

 — Нечта укол оляпсиз?

— Кунига уч маҳал укол қилишаяпти — қорнимга, венадан ва думбага. Коронавирусга ижобий тест топширганимдан кейин дарҳол шифохонага ётмоқчи эдим, аммо Тошкентда бу борада муаммолар бор. Ҳамма ер банд.

 — Касалланганлар шунча кўпми?!

— Даволаниш бепул бўлган шифохоналар ҳақида ҳали гапирганим йўқ. Пулга ҳам бўш койка топишнинг ўзи қийин. КТдан (компьютер томографияси — таҳр.) ўтиш учун бир соат навбат кутишимга тўғри келди.

Охир-оқибат, дўстларим коронавирусни даволайдиган махсус хусусий клиника билан келишишди. Бу ердаги шифокорлар юқори малакали. Тўлиқ текширувдан ўтказишди, таҳлиллар топширдим. Томография қилинганда эса ўпкамнинг 20 фоизи зарарлангани маълум бўлди. Шифокорларнинг айтишича, ўз вақтида мурожаат этибман, яна 1−2 кун кечикканимда жиддий муаммога йўлиқардим.

— Қачон касалландингиз?

— 28 августда. Биринчи кунларни меҳмонхонада хонадан чиқмай ўтказдим. Ўзимни яхши ҳис қилардим, йўтал ҳам, иситма ҳам йўқ эди. Кейин бирданига иситмам 39 даражага чиқди. Ўшанда стационар керак бўлишини тушундик.

— Эшитишимча, сизнинг «Навбаҳор»да кўп киши инфекция юқтириб олган.

— Ҳа, етти нафар футболчи, массажчи ва видеооператоримиз… Асосийси, Наманганда яшаётганимизда ҳаммаси жойида эди. Қароргоҳда изоляция қилгандик, контаклар минимал эди. Ўйинларни ҳам уйда ҳам, сафарда ҳам тинчгина ўтказаётгандик. Тўсатдан, август ойида федерация 4та тур ўйинларини марказлашган ҳолда битта шаҳарда ўтказишини эълон қилди.

— Қайси шаҳарда?

— Тошкентда. Бу шаҳарга келишга қатъиян қарши эдим, чунки вирус тарқалиши яна авж олган эди. Афсуски, бошқа клублардаги ҳамкасблар фикримни қўллаб-қувватлашмади. Бу ерда ҳамма лига раҳбарияти билан баҳслашишдан, омма олдида ўз фикрини айтишдан қўрқади. «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе ва мен бундан мустасно.

— Якунда ҳамма жамоалар Тошкентда тўпланишдими?

— Ҳа. Биринчи ўйинни ўтказдик ва футболчиларимиздан бири касалланди. Кейин эса касалланиш занжири бошқаларга ўтди… Таркибдаги 7 нафар футболчисиз қолганимиздан кейин ўйинни кўчириш ҳақида сўрадик. Аммо лига раҳбарияти сўровимизга рад жавобини берди.

Интервьюнинг тўлиқ версиясини «Спорт-Экспресс» нашрининг сайтида (рус тилида) ёки «Kun.uz» сайтида (ўзбек тилида) ўқишингиз мумкин.