Самарқанддаги «Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси» мансабдорлари 1 млрд 258,3 млн сўмни ўзлаштирган. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг хабар беришича, жиноятни очишда департамент ҳамда ДХХ вилоят бошқармалари ходимлари томонидан тўпланган ҳужжатлар асос бўлган.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат корхонаси мансабдор шахслари 2017−2019 йиллар давомида олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, корхонанинг 74,6 млн сўм маблағларини хизмат сафари учун асоссиз чиқим қилишган.

Шунингдек, ходимларнинг иш ҳақига асоссиз равишда 235,8 млн сўм қўшиб ёзишган ҳамда банкдан иш ҳақи учун олинган 112,3 млн сўмни ходимларга тарқатишмаган.

Корхона мансабдорлари корхонада ишламаган фуқароларнинг контракт тўлови ва бошқа харажатлари учун 137 млн сўм маблағ ўтказишган. Бошқа корхоналарга молиявий ёрдам сифатида 62,5 млн ҳамда корхонанинг корпоратив картасидан 636,1 минг сўм асоссиз чиқим қилишган.

Жами мансабдорлар давлат корхонасининг 1 млрд 258,3 млн сўм маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

Бундан ташқари, «Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат корхонаси мансабдор шахслари давлат корхонаси мулкини ўзлаштириш йўли билан қўлга киритган маблағларининг 232,4 млн сўмини Самарқанд шаҳар Ал-Хоразмий кўчасида қурилган кўп қаватли уйдан 3 хона хонадонни сотиб олиш учун «М.Д.Б» МЧЖга ўтказиб беришган. Яъни, жиноий фаолиятдан олган даромадларини легаллаштирган.

Ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан «Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 243-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.