Хоразм вилояти Шовот тумани «Арбоблар» маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Рўзимов ва бошқалар 2 сентябрь куни YouTube орқали Ўзбекистон ички ишлар вазирига видеомурожаат йўллаб, 26 август куни ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ўзларига нисбатан куч ишлатилганини билдиришган.

«Ҳайвонниям бу даражада уришмайди. Нима учун калтакланганимни ҳалигача тушунганиб етганим йўқ. Хўп, карта ўйнаганлар нима бўлса жавобини берсин, лекин тўйда хизматда юрган одамни ўзидан-ўзи орган ходими келиб урмайдику. Мен оддий хизматда юрган инсонман, у ерда менга ўхшаган қанчаси бор эди. Карта ўйнамай хизматда юрган одамлар бор эди. Бизни агар қонун олдида жазоимиз бўладиган бўлса, қонун олдида жавоб беришга тайёрмиз. Лекин орган ходимларига бу даражада ваколат берилганми, бу даражадаги ҳуқуқ берилганми? Пўлат Раззоқович (Пўлат Бобожоновга — таҳр.), оддий ҳалқ сифатида сиздан шуни кўриб чиқишингизни илтимос қиламиз», — деган видеомурожатда гапирган шахс (ўзини З.Хакимов деб таништирган).

Бундан ташқари, фуқаро Ш.Рўзимов ва бошқалар уларга нисбатан куч ишлатилгани ва ҳақорат қилишгани тўғрисида туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилишган.

Мурожаат муаллифларининг барчасидан тушунтириш хатлари олиниб, фуқаро Д.Атаниязов, Ш.Рўзимов, О.Йўлдошев, У.Эшчанов, М.Адилов, Ж.Хакимов, Ш. Бакиев ва А.Якубовларда тан жароҳати излари бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизадан ўтказилган.

Расмий муносабат

Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси 3 сентябрь куни ушбу вазият бўйича маълумот берди.

Маълумотларига кўра, видеолавҳада 26 август куни Хоразм вилоятининг Шовот туманида ташкил этилган қиморхонани фош этиш вақтида ижтимоий хавфли қилмишларига чек қўйилган бир гуруҳ фуқаролар томонидан мурожаат йўлланганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Суриштирувнинг дастлабки натижаларига кўра, 26 август куни Шовот тумани Ички ишлар бўлимига туманнинг «Роят» маҳалласида яшовчи фуқаро маҳалладоши Ж.Ҳакимовнинг хонадонида шубҳали шахслар йиғилганлиги тўғрисида хабар берган.

«Шу боис ушбу фуқароларнинг нима сабабдан тунги пайтда шубҳали тарзда йиғилганликларига аниқлик киритиш мақсадида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан тадбир ўтказилган», дейилади хабарда.

Ўтказилган жараёнда, фуқаро Ж.Ҳакимовнинг уйида қонунга зид равишда қимор ўйинини ташкил этиб, йирик миқдорда пул тиккан ҳолда, қимор ўйинларида иштирок этаётган жами 21 нафар шахс ушланган. Улардан қиморга тикилган 43 млн сўмдан ортиқ қийматдаги пуллар, бир нечта пачкада ўйин карталари ва совуқ қуроллар (пичоқлар) ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Айни кунда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 278-моддаси 1-қисми (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқарма хабарида айтилишича, «қиморбозларни қўлга олиш жараёнида улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига қаршилик кўрсатиб, ҳодиса жойидан қочишга уринганлар, фақатгина ходимлар томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида бунинг олди олинган».