COVID-19 коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини бартараф этиш учун Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказмоқчи, дея хабар берди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати.

3 сентябрь куни бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов ва Қирғизистон бош вазири ўринбосари Эркин Асрандиев видеоселектор шаклида икки мамлакат ўртасида инвестиция, савдо-транспорт ва логистика шериклигини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишди.

ИТСВ матбуот хизматининг маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб беш баравар ўсиб, 2019 йил охирида ушбу кўрсаткич 818,4 млн долларни ташкил этди.

Томонлар, шунингдек, саноат кооперацияси соҳасидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда амалга оширилишини бошлашга келишиб олишди.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, «Андижон — Ўш — Иркештам — Қашғар» участкасида автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда «Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой» йўлаги бўйлаб мультимодаль юк ташишлари ишга туширилганлигини мамнуният билан таъкидлашди.

ИТСВ маълумотларига кўра, 2019 йил охирида икки мамлакат ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 10,7 фоизга ўсиб, 1,47 млн тонна, автомобиль йўлларида эса 38,2 фоизга ўсиб, 1,49 млн тоннани ташкил этди.

Томонлар чегара назорат пунктларидаги йўлларнинг ўтказиш имкониятларини кенгайтириш ва йўловчилар, транспорт воситалари ва юкларнинг транзити учун шароитларни яхшилаш, жумладан, божхона, санитария, транспорт ва чегара назорати жараёнларини рақамлаштириш орқали биргаликда чораларни амалга ошириш истиқболлари қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, комбинациялашган юк ташишларни ташкил этиш мақсадида қўшма логистика хабларини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди, дея қўшимча қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.

Сардор Умурзоқов ва Эркин Асрандиев конференция давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-қирғиз ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалаларини ҳам ишлаб чиқишди. Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари даражасида инвестиция, савдо, транспорт-логистика ҳамкорлиги масалаларининг тезкор равишда келишиш бўйича механизмларини жорий этиш тўғрисида келишувга эришилди.