Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ЙҲХБ Йўл-патруль хизмати инспектори, катта сержант Салим Умаров Lacetti русумли автомашина ҳайдовчиси томонидан уриб юборилганидан уч кун ўтгач, жароҳатлар сабабли касалхонада вафот этди, дея хабар қилди бошқарма матбуот хизмати.

Тошкент ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, 1 сентябрь куни соат 19:00 атрофида инспектор Тошкент шаҳар Миробод туманидаги Шаҳрисабз кўчасида навбатчилик қилган. Grand Mir меҳмонхонасидан унча узоқ бўлмаган жойда у ҳужжатларни текшириш учун Captiva автомашинасини тўхтатган. Текширувдан сўнг ҳайдовчига ҳужжатларни қайтариб берган катта сержант машина атрофидан ўтиб, йўл четига қараб йўл олган.

Шу вақтда Lacetti русумли автомобилини ишончнома асосида бошқариб борган 19 ёшли Темурбек М. Миробод кўчасидан чиқиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган Captiva автомобилига тўқнашгач, инерция туфайли ҳаракатни давом эттириб, ЙПХ ходимини уриб юборган.

Инспектор Салим Умаров жароҳат олиб, реанимация бўлимига ётқизилган. У бугун, 4 сентябрь куни эрталаб соат 7:00 да вафот этди.

Тўқнашув бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўрилиши учун прокуратурага йўналтирилади. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси инспекторнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, унинг уч вояга етмаган фарзанди бўлган оиласига ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.