Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШ ва бошқа ривожланган давлатлар сабабли халқаро СOVAX оммавий эмлаш механизми кейинга қолдирилишини таъкидлади. Бу ҳақда Financial Times маълумот берди.

ЖССТнинг йирик донорлари (АҚШ, Буюк Британия, Япония) белгиланган вақт давомида ушбу дастурга қўшилиш ўрнига халқаро корпорациялар билан вакциналарни етказиб бериш бўйича икки томонлама шартнома имзолашни маъқул кўришди.

Оқибатда, бу давлатларнинг СOVAX дастурига қўшилиш муддати уч ҳафтага, яъни 31 августдан 18 сентябргача узайтирилди. Иштирокчи-давлатлар биринчи тўловни амалга ошириш санаси эса 9 октябрдан бошланади.

Халқаро дастур ёрдамида ЖССТ 2021 йил охирига қадар бутун дунё бўйлаб 2 миллиард доза вакцинани тарқатишни режалаштирган.

Маблағ етишмовчилиги пайдо бўлса, қашшоқ давлатлар керакли миқдордаги вакциналарни ололмаслиги мумкин. Бундай ҳолатни ЖССТ «эмлаш миллатчилиги» деб таърифлади.

Аввалроқ ЖССТ раиси Тедрос Гебрейесус коронавирус пандемиясининг кучайишига миллатчилик сабаб бўлганлигини таъкидлаган эди.