Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм иштирокида АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши курашишда кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистонга тақдим этган 200 та замонавий сунъий нафас бериш аппаратини топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, ҳозирда республикадаги тиббиёт муассасаларида 2 мингдан ошиқ сунъий нафас бериш аппаратлари мавжуд. «Умумий қиймати 2,6 млн доллар бўлган 200 та сунъий нафас бериш аппаратлари эса АҚШ томонидан бундан аввал етказиб берилган 6 млн доллардан ортиқ кўмакнинг давоми бўлди», дейилади ССВ хабарида.

Тақдим этилган сунъий нафас бериш аппаратлари Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмаси, ҳатто минтақавий иқлимни ҳам ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилган. Хусусиятларига кўра, ушбу қурилмалар стационар даволанишда интенсив терапия учун ҳам, аэротиббий транспортда ёки тез ёрдам машиналарида беморни ташиш пайтида ҳам қўлланилади.

«COVID-19 шароитида барча мамлакатлар глобал ҳамжамият сифатида ҳаракат қилиши лозим», — деди АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм.

Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бу ускуналарни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига етказиб бериш, ташиш ва жойлаштиришни режалаштиришда Ўзбекистон ва АҚШдаги соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан иш олиб бормоқда. Шунингдек, USAID тиббиёт ходимлари учун тренинг машғулотлари ўтказиш ва ускуналарга техник хизмат кўрсатишга маблағ ажратади.