АҚШ-Марказий Осиё савдо ва сармоя доирасидаги битими (TIFA) тўғрисидаги йиғилиш октябрь ойида онлайн тарзда ўтказилиши мумкин, дея хабар берди Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати. Аввалги TIFA йиғилиши 2019 йил 21−22 октябрь кунлари Вашингтонда бўлиб ўтган эди.

Янги учрашувни ўтказиш масалалари 2 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниел Розенблюм томонидан муҳокама қилинди.

Учрашувда, шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (USDFC) билан биргаликда транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш имкониятлари ўрганиб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон ва АҚШнинг Марказий Осиё ва Афғонистон давлатларининг иқтисодий ва инфратизимли алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ёндашувларининг умумийлигини таъкидлашди. Вазир ва элчи, шунингдек, «C5+1» платформаси доирасидаги ҳамкорликдаги ютуқларни ижобий баҳолашди ва ушбу формат юзасидан иқтисодий ишчи гуруҳнинг бўлажак йиғилишини ўтказишда кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилишди.