Ривожланган давлатлар, шунингдек, Россия ва Қозоғистон давлатида ҳам бу синдромга ўхшаш ҳолатлар болаларда кузатилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳолат ҳам, ўз ўрнида, коронавирус билан боғланилмоқда. ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева бу касаллик ҳақида маълумот берди.

«Кавасаки синдроми» генетик касаллик бўлиб, у асосан 4−5 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Бу — жуда ҳам кам учрайдиган катта ва майда қон томирлар ўзгариши, бола организмининг тизимли ўзгариши билан кечадиган касаллик.

«Ўзбекистонда бу касаллик учрамади, дейишимиз қийин, балки болаларда кечган ўрта оғир турларида бу касаллик белгилари ўхшаш ҳолатлар кузатилган бўлиш эҳтимоли бор. Бизда бу синдром учради, дейишимиз учун касаллик тасдиқланиши керак. Бугунги кунда бу синдромга ўхшаш ҳолатлар аниқ ўз тасдиғини топмади. Бироқ бу бизда кузатилмайди ҳам дегани эмас, «Кавасаки синдроми»га ўхшаш касалликлар болаларда кузатилиши ва кўпайиши ҳам мумкин», — дейди Севара Убайдуллаева.

Мутахассиснинг айтишича, «бу синдромга ўхшаш касаллик келиб чиқишида коронавирус таъсирида бола организмида кечадиган кучли яллиғланиш унинг иммун тизимининг кучайиши, қон-томирлар ўтказувчанлигининг бузилишини келтириб чиқаради».

Бунда:

  • боланинг тана ҳарорати 5 кун ва ундан ортиқ 38 даражадан юқори бўлади;
  • танасида турли тошмалар тошиши кузатилади, қўллар кафти ва товонлар териси кўчиши кузатилиши мумкин.

«Бола организмида кечаётган жараённи оғир ёки енгиллигига қараб бу белгилар кузатилади. Ота-оналар болаларда шамоллаш аломатларини пайдо бўлиши билан поликлиникалардаги оилавий шифокор ёки педиатрга мурожаат этиши лозим».

Маълумот берилишича, синдром юрак миокардига бўлган таъсири сабаб миокардит касаллигини келтириб чиқаради, баъзи ҳолларда бола организмидаги кучли иммун реакция унинг ўлими сабабчиси бўлиб қолиши ҳам мумкин.