Ўзбекистонда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилади. Бу президентнинг 2 сентябрдаги мамлакатда пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш тўрисидаги фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 июлга қадар республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари ташкил қилинади.

Кластерларга қоракўл зотли қўйларини боқишга мўлжалланган, шу жумладан, ўрмон билан қопланмаган ўрмон фонди ерларидан яйловлар ижарага берилади.

Кластерларга яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолати ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик, илмий ва инновацион ёндашувларни қўллаган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали хомашёни чуқур қайта ишлашни ва маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича мажбуриятлар юкланади.

Кластерлар Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб кластерларга ҳудудларда шахтали ва тик қудуқлар, шунингдек, сув тортиш учун насос станцияларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишга Ўзбекистон президентининг 2020 йил 17 январдаги «Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4567-сон қарори 2-бандида назарда тутилган 120 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар бериш тартиби қўлланилади.

Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзолари — кластер иштирокчиларига майда шоҳли наслдор мол харид қилиш ва кўпайтириш, шунингдек, мол сўйиш, озуқа базасини яратиш, ярим тайёр ва тайёр, шу жумладан, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тери ва жунни қайта ишлаш ҳамда биноларни реконструкция қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш лойиҳаларини молиялаштириш учун 2020−2023 йилларда ажратиладиган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, лойиҳалар ҳажми, сони ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, тижорат банклари томонидан ўрнатилган фоиз ставкасининг 50 фоизи, бироқ 10 фоизлик пунктидан кўп бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсациялар берилади.

Уюшма аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун камида битта иш ўрни яратиш шарти билан Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.