Ҳукумат 2020−2021 йилларда иқтисодиётни тиклаш бўйича икки босқичли амалий ҳаракатлар режасини тасдиқлади. Бу ҳақда «Газета.uz» га Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати маълум қилди.

Чора-тадбирлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк томонидан бошқа вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Дастур коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга салбий таъсирини бартараф этиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг инвестиция ва ташқи иқтисодий фаолиятини тиклаш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш учун шароит яратиш мақсадида тасдиқланган.

Унга кўра, ҳаракатлар режаси икки босқичда амалга оширилади:

1-босқич — иқтисодиётнинг ўзини барқарорлаштириш, йил охиригача ўсишни тиклаш.Чора-тадбирларнинг тўлиқ бажарилиши билан 2020 йилга мўлжалланган кўрсаткичлар қуйидагича баҳоланади:

  • ЯИМ — 102,2% (дастлабки прогноз 105,5%);
  • саноат — 103,4% (106,5%);
  • қишлоқ хўжалиги — 103,3% (104%);
  • инвестициялар — 101,2% (109,3%);
  • хизматлар — 100,1% (105,8%);
  • чакана савдо айланмаси, шу жумладан умумий овқатланиш — 103% (105,6%);
  • экспорт — 94,3% (115,6%).

Ушбу ҳисоб-китоблар республикада ва дунё миқёсида карантинни қайта жорий этиш эҳтимолини ўз ичига олмайди.

2-босқич — 2020−2021 йилларда коронавирус пандемияси оқибатларини тўғирлаш билан 2021 йилдан 5,0−5,5 фоизгача барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайдиган ислоҳотларни давом эттириш.

«Шу билан бирга, ташқи таъсирнинг давомийлиги ва пандемиянинг иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ва секторларига (туризм, транспорт, экспорт) таъсирини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг инқирозгача бўлган тенденцияларига чиқиш 2021 йилдан ўтиши мумкин», — дейилади хабарда.

Макроиқтисодий сиёсат ва бозор институтларини ислоҳ қилиш соҳасидаги асосий чора-тадбирлар:

  • ташқи қарзларнинг ўсишини тўхтатиш;
  • ташқи қарзлардан самарали фойдаланиш;
  • давлатнинг инвестиция харажатларини оптималлаштириш;
  • божхона имтиёзларини оптималлаштириш бўйича ишларни якунлаш;
  • саноат ва рақобат сиёсатини такомиллаштириш;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишни давом эттириш.

Дастурда банк соҳасидаги чора-тадбирларга, бандлик ўсиши, аҳоли даромадлари ва қашшоқликни камайтириш орқали ички талабни рағбатлантириш, шунингдек, ишбилармонлик ва рақобат муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, саноат ва экспортни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш соҳасидаги чора-тадбирлар, инвестиция муҳитини яхшилаш ва рақамлаштиришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

2021 йил 1 мартгача Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида қашшоқликни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.