Ўзбекистонда эски ва авариявий уйларни таъмирлаш, бузиш ва қайта қуриш билан боғлиқ реновация дастурларини тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида 2021−2022 йилларда эскирган кўп квартирали уйларни таъмирлаш, шунингдек, авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича реновация дастурларини тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Жумладан, республика бўйича 260 та эскирган кўп қаватли уйни таъмирлаш мўлжалланаётган бўлса, 193 та кўп қаватли уйни бузиш ва ўрнига янги уй-жойлар қуриш кўзда тутилмоқда.

Мазкур ҳужжат лойиҳасига эътибор қаратган блогерлардан бири Бакиров ўзининг Telegram-каналида таъмирлаш ва бузиб ўрнига қуриш учун танланган кўп қаватли уйлар қайси тамойилларга кўра сараланганлиги айтилмаганини таъкидлаб ўтди.

«Масалан, Учтепа туманида 2013 йилда қурилган 12 қаватли уй таъмирлаш реновациясига тушган (ҳужжат иловасида тартиб рақами нотўғри кўрсатилган — таҳр.). Бузиш ва қайта қуриш орқали амалга ошириладиган реновация рўйхатига кўпроқ шаҳар маркази ва марказий кўчалардаги кўп қаватли уйлар тушгани эътиборни тортади. Масалан, пойтахтнинг қоқ марказидаги Шевченко, Мустақиллик ва Ниёзбек йўли кўчаларидан бир неча кўп қаватли уй авариявий деб топилиб бузиладиган рўйхатга қўшилган», — деб ёзади блогер Бакиров.

Қарор лойиҳаси муҳокамалари 13 сентябрга қадар давом этади.