Фарғона вилоятининг Сўх туманидан бўлган Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (блогер Дадахон Ҳасанов) ҳибсдан озод қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га хабар қилди.

1 июнь куни вилоят прокуратураси Сўх туманидаги тартибсизликлар бўйича Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 214-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноий иш очган. Айбдор сифатида олти киши жалб қилинган. Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, 22 ёшли Ҳайдаржон Бобоҳайдаров ҳамда 28 ёшли Дилмурод Маҳбубов ишга гумондор сифатида жалб қилинган (иш бўйича икки нафар гумондор бўлган).

Ҳаёт Шамсутдинов уларни ҳибсга олиш вақти 23 августдан ҳисобланишини қўшимча қилди. Дадахон Ҳайдаров ушлаб туриш учун етарли асос бўлмагани учун озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 29 август куни Дадахон Ҳайдаров 10 суткага қамоққа олингани ҳақида ҳабар бергандик. Блогернинг отаси Шерали Эралиев 22 августдан буён унинг қаерда эканлигини билмаслигини айтди.