2 сентябрь санасида Бутун Жаҳон Интеллектуал Мулк Ташкилоти ва Корнел Университети томонидан Глобал инновацион индекс рейтингининг навбатдаги 2020 йил «Инновацияни ким молиялаштиради?» мавзусидаги 13 — сони нашрдан чиқди. Ҳар йили 24 июль санасида чоп этилиши анъанага айланган нашр бу йилги пандемия таъсири остида кечиктирилгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматининг қайд этишича, Ўзбекистон сўнгги маротаба 2015 йил ушбу халқаро рейтингда 140 дан ортиқ давлатлар ичида 122-ўринни эгаллагани маълум. 2020 йилда Ўзбекистон 131 дан ортиқ дунё мамлакатлари ичида 93-ўринни эгаллади.

2020 йилда 80 та кўрсаткичдан иборат бўлган Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида Институтционал ривожланиш (Institutions), Инсон капитали ва илмий тадқиқот фаолияти (Human capital & research), Инфраструктура (Infrastructure), Билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs) ва Ижодий натижадорлик (Creative outputs) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришганини кўриш мумкин.

«Аниқ фанларда битирувчилар сонининг ортиши (Graduates in science & engineering, %)», «Бизнесни бошлаш осонлиги (Ease of starting a business)», «маданий ва ижодий хизматлар экспорти (Cultural & creative services exports, % total trade)»,"Таълимда сарф этилаётган маблағлар (Expenditure on education, % GDP)" каби кўрсаткичларда ижобий натижалар билан етакчилик қилаётганини кўриш мумкин.

Глобал инновацион индекс рейтингда Швейцария — 1-ўрин, Россия — 47-ўрин, Қозиғистон — 77-ўрин, Қирғизистон — 94-ўрин, Тожикистон — 109-ўринни эгаллаган.

Маълумки, Ўзбекистон президентининг ПФ-5544-сонли «2019−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегия тўғрисида"ги Фармонида асосий вазифалардан бири этиб 2030 йилга қадар республикани Глобал инновацион индекс баҳолаш рейтингида етакчи 50 та давлатлар қаторига киритилиши белгиланган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишла давлат бошқарув органлари ва идоралари билан яқин ҳамкорликда сўнги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва Глобал инновацион индекс рейтингига киритилишини таъминлашга қаратилган салмоқли ишларни амалга оширди. Жумладан,

Глобал инновацион индекс халқаро рейтинги асосчилари ва 15 дан ортиқ халқаро ташкилотлари билан бир қатор учрашувлар ва музокаралар олиб бориш орқали ҳозирги кунга қадар Ўзбекистоннинг рейтингга киритилиши учун тўсиқ бўлиб турган муаммолар ўрганилди.

Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индекс рейтингига киритилиши учун тақдим этилмаган ва эскирган маълумотлар рўйҳати юқоридаги ҳамкорликлар натижасида шакллантирилди ва белгиланган халқаро талаблар асосида тақдим этиш масалалари хал этилди.

Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индекс рейтингига киритилиши ва мавжуд муаммоларни тизимли ижобий хал этиш мақсадида маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар билан кўплаб расмий учрашувлар ўтказилди. Хусусан, 2019 йил 29−31 октябрь кунлари «InnoWeek.uz 2019» иннвацион ғоялар ҳафталиги доирасида Бутун Жаҳон Интелектуал Мулк Ташкилоти раҳбарияти, Elsevier вакиллари ва бошқа ҳорижий ташкилотлар иштирокида «Ўзбекистон Республикасини Глобал инновацион индекс рейтингидаги ўрнини яхшилаш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилган.

Глобал инновацион индекс 15 та халқаро индекслар, 4 та Жаҳон иқтисодиёт форуми (World Economic Forum) томонидан олиб бориладиган сўровномалар ва 61 та кўрсаткичга тегишли миқдорий статистик маълумотлар дан ташкил топган. 2015 йил ҳолати бўйича ўрганилганда, республика ушбу рейтингда 141 та давлат ичида маълумотларнинг етарли даражада эмаслиги ва мавжуд статистик маълумотларнинг эскирганлиги бўйича 4-ўринда деб топилганлигини инобатга олган холда, Ўзбекистоннинг 2020 йилда ушбу рейтингда акс этиши ҳам халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

Мамлакатдаги инновацион фаолиятда туб ижобий бурилишлар халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам тарзда эътироф этиб келинмоқда. Жумладан, Глобал инновацион индекс нашрининг бу йилги сонида мамлакатимизнинг инновацион фаолиятидаги ўзгаришларига тўхталиб, сўнги йиллардаги давомий ва тизимли ислоҳотларнинг натижаси Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индексга 2020 йилда киритилиши ва Ўрта Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари ичида тўртинчи ўринда эканлиги таъкидланган.