Ўқишга қабул қилинган 1-босқич талабалари машғулотларни 2 октябрдан бошлаши режалаштирилган. Бу ҳақда Бугун АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев маълум қилди.

Барча олий таълим муассасаларида 2−4 курс талабалари учун ўқиш масофавий таълим шаклида 2 сентябрь куни бошланди. ОЎМТВнинг бу ҳақда тунда эълон қилгани ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бироқ Фарҳод Бабашев ушбу вазиятга изоҳ берар экан, ўқув йилининг бошланиш санаси тўғрисида июнь ойида эълон қилинганини эслатиб ўтди.

Вазирлик матбуот котиби академик лицейларда ҳам 2 сентябрдан расман ўқиш масофавий шаклда бошланганини қўшимча қилди. У академик лицейларда таълимни масофавий ёки анъанавий шаклда бошлаш бўйича ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказилганини қайд этиб ўтди.

Жорий йил 7 — 14 сентябрь кунлари академик лицейларнинг 1 курсига қабул қилиш бўйича тест синовлари ўтказилиб, натижалари эълон қилиниши билан таълим анъанавий ёки масофавий шаклда давом эттирилиши юзасидан қўшимча хабар берилади.