Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) ижтимоий тармоқларда пандемия шароитида мактаб фаолиятини ташкиллаштириш учун ўқитувчилардан талаб этилаётган турли санитария-гигиена воситалари акс этган рўйхатлар тарқалаётганига изоҳ берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда мактаблар учун пирометр ва дозаторлар харид қилиш ҳамда уларни ҳудудларга етказиш бўйича мутасадди вазирликларга топшириқлар берилди. Мактабларни дезинфекция ва антисептик воситалари билан таъминлашга эса вилоят ҳокимликлари масъул этиб белгиланди», — дейилади ХТВ баёнотида.

Ўзбекистон президентининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш, хусусан тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши белгиланган, дея таъкидлади вазирлик.

Шу сабабли мактабларда таълим жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган дезинфекция воситаларининг бирортаси ҳам ўқитувчилар томонидан харид қилинмаслигини, ота-оналар томонидан эса фақатгина фарзандининг санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари учун тиббий ниқоб ва шахсий антисептиклар билан таъминланишини маълум қиламиз", — дея маълум қилди ХТВ.

Пандемия шароитида умумтаълим мактабларга пирометр, дезинфекция воситалари, дозаторлар ҳамда антисептиклар марказлашган холатда етказиб берилади.

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилардан мактабларида бу каби ҳолат кузатилаётган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларга мурожаат қилишларини сўради.