1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги автойўл ўтказиш пунктларига нисбатан кириб-чиқиш бўйича чекловлар санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда бекор қилинади. Бу ҳақда «Коронавирус Инфон» расмий Telegram-канали хабар қилди.

Ушбу ўзгаришлар доирасида қуйидаги тартиб жорий этилмоқда:

  • охирги 14 кун Қирғизистонда бўлиб турган ёки сўнгги 72 соат давомидаги коронавирус инфекциясига ПЗР тест текширувининг манфий натижалари тўғрисида маълумотномаси мавжуд бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасига кириб келганда карантин назоратига олинмайди;
  • Қирғизистонга чиққан ҳамда фақатгина ушбу мамлакат ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари республикага қайтиб киргандан сўнг карантин назоратига олинмайди;
  • қолган барча вазиятларда Ўзбекистонга кириб келувчи шахслар ўрнатилган тартибда карантин назоратига олинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, 5 сентябрдан бошлаб диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни (жума ва шанба-якшанбалик диний хизматлар) амалга оширишга рухсат берилиши ҳақида хабар қилинган эди.