Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
Мустақиллик — бу катта имкониятлар ва катта масъулият
Содиқ Сафоев, Азиз Абдуҳакимов ва
Зафар Ҳошимовларнинг 1991 йил 31 август куни
ҳақидаги хотиралари.
Мустақилликка эришиш — бу фақатгина давлатчилик тарихи эмас. Бу халқ тарихи ҳамда ҳаёти ўзгаришлар даврига тўғри келган инсонлар тақдиридир.

Мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан «Газета.uz» давлат арбоблари ва жамият вакилларидан 1991 йил 31 августни қандай эслашлари, ўша вақтда қандай туйғуларни ҳис қилганликлари ва мустақиллик улар учун нимани англатиши ҳақида сўради.
Содиқ Сафоев
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари
Ўша тарихий кунларда мен президент Аппаратида халқаро департамент раҳбари сифатида фаолият юритар эдим ва республика Олий Кенгашининг йиғилишида қатнашиш учун таклиф этилган эдим.

31 августдан олдин Ўзбекистон мустақиллиги Декларациясини тайёрлаш бўйича ҳаяжонли ва машаққатли ишлар амалга оширилди. Бу жараёнларда қатнашганларнинг барчаси – депутатлар, ҳукумат аъзолари, жамоатчилик вакиллари – самимий руҳий кўтаринкиликни ҳис этганлар. Улар ҳақиқатда тарихий ва халқ тақдирида бурилиш ясайдиган ҳужжатни тайёрлаётганликларини яхши тушунардилар.

Кейинроқ гўёки Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутатлари мустақиллик эълон қилинганида кутилмаган воқеадан қотиб қолганликлари ҳақидаги чўпчакларни эшитганман. Ушбу ҳодисанинг гувоҳи сифатида уялмасдан тарихни бузиб, нотўғри талқин қилишга бўлган ҳаракатлардан ҳайрон қолардим. Ишонтириб айтишим мумкин: мустақилликнинг эълон қилиниши ундан олдин бўлиб ўтган барча воқеаларнинг мантиғий давоми ва одамлар кутган натижа бўлди.
Ёдимда, ўшанда томоғим бўғилди. Бундан олдин ҳам ва ундан кейин ҳам ҳис этмаган хурсандчилик ҳисси ҳали ҳамон ёдимда.
Мустақиллик эълон қилинганидан кейин бир неча кун давомида барча давлатчилик институтларини ташкил этиш, иқтисодиётнинг тўхтаб қолмаслиги, ташқи сиёсатни ўйлаб чиқиш ишлари билан ниҳоятда банд эди. Очиғини айтсам, ўшанда ортиқча ҳиссиётларга берилиш вақти эмас эди.

Ёдимда, бир неча ҳафта ўтди. Бир куни кечаси ишдан қайтаётганимда, яқиндагина қуриб битказилган Алишер Навоий ҳайкалининг ёрқин нурлар билан ёритилган гумбазига кўзим тушди. Бошим узра қадрдон Тошкентнинг сентябрь оқшомидаги осмони. Негадир айнан шу вақтда мен мустақил Ватанга эга бўлганимдан жуда қувониб кетдим. Биз орзу қилган, талабалик йилларда дўстларимиз билан муҳокама қилган тарихий воқеа амалга ошди. Биз мустақил давлатда яшаяпмиз!
реклама
реклама
«Мустақиллик ўзи сизга (ёки бизга) нима берди?» деган саволда қандайдир торфикрлилик ётадигандек.

Ҳар қандай замонда одамзот нафақат моддий фаровонлик ва жисмоний қулайлик сари интилади. Киши учун ўз қадрини билиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар доим муҳим бўлган ва муҳим бўлиб қолади. Миллий ўзлигини англаш одамнинг энг муҳим эҳтиёжларидан бири бўлиб қолади. Одамлар бир давлатга қарам бўлишнинг ҳар қандай шаклига доимо қарши бўлишган.

Давлат мустақиллиги – бу халқнинг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ барчанинг ўз юрти ва халқи тақдири олдидаги масъулиятини ҳам англатади.
Азиз Абдуҳакимов
Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш бўйича
давлат қўмитаси раиси
Мустақиллик ҳақида эшитганимда ота-онам билан эдим. Кўпчилик учун бу кутилмаган воқеа эди. Катта авлод вакиллари сингари, улар ҳам ҳаёт ўзгаришидан хавотирда эдилар. Лекин бошқа томондан атрофдаги барча одамларнинг руҳланиб кетишганини кўришарди.

Мен учун мустақиллик жуда таъсирли ҳодиса эди. Энди ҳаёт кескин ўзгарадигандек, хорижга ўқиш учун боришга имконият пайдо бўладигандек, Ўзбекистонга эса чет элликлар келадигандек туюларди.
Бу шундай бир вақт эдики, деярли барча – биринчи навбатда, зиёлиларимиз – тирик қолиш учун курашарди. Кўп киши ўз ишларидан кетди: шифокорлар, ўқитувчилар, олимлар. Кўпчилик бозор иқтисодиётга ўтди ва бир иложини қилиб пул топишга ҳаракат қилишарди.
Мустақилликдан олдин токчаларнинг бўшлиги, баъзи маҳсулотларни топиш қанчалик қийин бўлганлиги, импорт товарларнинг эса умуман бўлмаганлигини ҳозир ҳамма ҳам эслай олмаса керак.

Мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилиниши билан, ушбу барча муаммолар ечиладигандек, юртимиз барча масалаларни мустақил равишда ҳал қиладигандек ва жаҳон иқтисодиётига интеграция қилиш жараёни бошланадигандек туюларди.

Ўша кунларда мен ўқишга кирганлигим сабабли ҳам жуда кўтаринки руҳда эдим. Ўшанда мен Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро иқтисодий муносабатлар факультетига имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган эдим. Ўқишга кириш осон бўлмаган.

Университетда биз ўзимиз учун бозор иқтисодиётини кашф қилардик, маркетинг, рақобат, банк иши ва молия тизими каби тушунчаларни ўрганардик. Буларнинг барчаси биз учун янгилик эди. Барча нарсага эришса бўладигандек туюларди. Фақатгина ўқиш ва ҳаракат қилиш керак эди холос.
Мустақиллик улкан
масъулиятни
ҳам англатади.
Ўйлайманки, бугун мустақилликнинг моҳияти
29 йил олдин қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолган. Мустақиллик ўзгариши мумкин эмас. Биринчи навбатда, мустақиллик биз ўз мамлакатимиз фуқароси эканлигимизни ва ўзимиз қарор қабул қила олишимизни англатади. Маданиятимиз, илм-фан, таълим ва иқтисодиётимизнинг ривожланиши ўзимиздан бошқа ҳеч кимга боғлиқ эмас.

Албатта, бу жуда катта ва қийин танловдир. Иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш бўйича кўплаб моделлар мавжуд. Ушбу танловда хато қилмаслик керак, чунки унга жуда кўп нарса боғлиқ.

Бугун рақобат кучаймоқда, мамлакатлар ўртасида иқтисодий фаровонлик ва ресурслар захираси бўйича катта фарқлар юзага келмоқда. Ушбу вазиятда менинг зиммамга ҳам, ҳукумат аъзоси сифатида, танловнинг оғир юки тушади.

Ҳар бир қабул қилинган қарор кўплаб вазиятларни ҳисобга олиши ва кутилаётган натижаларни оқлаши керак. Танлов пухта ўйланган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам мустақиллик ортидан улкан масъулият келади.
Шахсий эркинлик шахсий масъулиятга тенг бўлиши керак.
Сўнгги йилларда катта имкониятлар очилмоқда. Биз ижтимоий муносабатларнинг либерализация қилиниши ва сўз эркинлиги ривожланишига гувоҳ бўляпмиз. Ушбу вазиятда биз шахснинг эркинлиги бошқа одамларнинг эркинликларини чекламаслиги ва шахсий масъулиятга тенг бўлиши кераклигини тушунишимиз керак.

Бу оддий нарсаларда кўринади: атрофдагиларни ҳурмат қилиш ва кўчаларда тозаликка риоя қилиш. Одам ўзининг кучлилигини кўрсатишга уриниши керак эмас. Атрофдагиларда доимо ўзингиз каби одамларни кўриш керак.

Бунга Японияни яққол мисол қилиб келтиришим мумкин. У ерда ҳар бир киши ўз эркинлиги ҳақида ўйлаганда, бошқа одамларнинг эркинлигига ҳалақит бермасликка интилади. Агар биз ушбу тамойил билан яшасак, ўйлашимча, биз кўп нарсаларга эришишимиз мумкин.
Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
Орзудаги Ўзбекистон – бу биз тинч яшайдиган ва ўзимизни хавфсиз ҳис этадиган мамлакат. Яқинларимиз, болаларимиз ва дўстларимиз ҳақида
қайғурмасак бўладиган ўлка. Бу ҳар бир кишида танлов ва катта имкониятлар мавжуд мамлакат. Ва бу имкониятлар негизида одамлар яхши таълим ва арзон тиббий хизмат олишлари мумкин бўлади, улар учун доимо янги имкониятлар очилади. Бундай Ўзбекистонни қуришга кучимиз етади.

Тартиб ва тозаликни хуш кўрадиган, ўз маданияти, анъаналари ва ота-оналарини ҳурмат қиладиган ҳамда болаларини яхши кўрадиган жамиятда киши ўзини бахтли ҳис қилиши мумкин.
Зафар Ҳошимов
korzinka.uz асосчиси
31 август ва ундан олдинги воқеаларни аниқ эслайман. Ўшанда мен бешинчи курсга ўтган талаба эдим. Замон шунақа эди — даврлар алмашинуви, ва 23 ёшли йигит учун бу завқли вақт эди.

Совет даврининг охирларида барча одамлар сиёсатга жуда қизиқарди, айниқса талабалар. Бу қайта қуриш даврида бошланди, лекин халқ депутатлари йиғилишлари ва республика ҳамда иттифоқ Олий кенгашининг 1989-1990 йиллардаги сессияларидан сўнг сиёсий жараёнга қизиқиш энг юқори чўққисига чиққан эди, кейин эса 1991 йилги август воқеалари бўлиб ўтди. Ўша воқеалар бизнинг мустақилликка эришишимиз жараёнини бошлаб юборди.
реклама
реклама
Биз барчамиз телевизор экранларига тикилиб ўтирардик ва Ислом Каримовнинг Олий Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон республикаси мустақиллигини эълон қилгани ёдимда.

Ундан кейин курсдош-дўстларим билан телефонлашдим. Барча қўшниларимиз ҳовлига чиқишди ва янгиликни муҳокама қилишарди. Қўшниларимиз турли хил миллатга мансуб эдилар: ўзбеклар, руслар, татарлар, яҳудийлар, арманлар.

Барча ушбу хабарни бирдек хурсандчилик билан қабул қилгани эсимда: ўйлайманки, ФВДҚ (ГКЧП) раҳбарлиги остида Иттифоқда қолиш эҳтимоли кўпчиликни таҳликага солиб қўйганди.
Биз барча янгиликларни қизиқиш билан ўқир эдик, келажакка оптимизм руҳида, умид ва завқ билан қарар эдик. Келажак, ўшанда қанчалик ноаниқ бўлмасин, ёрқин туюларди. Бизда мамлакатимиз мустақил бўлиши тушунчаси пайдо бўларди. Олдинги авлодларнинг орзулари шиддат билан рўёбга чиқаётган давр эди.
Мамлакат мустақиллиги ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам мен учун халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ва ривожланиш йўлини эркин танлашини англатади. Ўшандаги муносабатим билан ҳозиргисининг фарқи шундаки, унда мен ёшроқ ва соддароқ эдим, келажакка романтик руҳда қарар эдим.

Мамлакат мустақиллиги, инсон учун – эркинлик. Эркин бўлиш бу қарор қабул қилиш, танлаш ҳуқуқига эга бўлиш ва улар учун масъулиятни ҳис қилишдир. Афсуски, кўпинча буни айтиш амалга оширишдан кўра осонроқ.
Матнни Давлат Умаров тайёрлади
Иллюстрациялар: Эльдос Фазилбеков
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» таҳририятига тегишли.
www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган «Газета.uz» ва бошқа учинчи томонга тегишли бўлган ҳар қандай фото, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш тақиқланади.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг