Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Кейин президент шу ерда нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлди.

«Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимиз эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси — одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун», — деди Шавкат Мирзиёев.

Хабарда айтилишича, 1937−53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. 1937−38 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошлар отилган.

«Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз», — деди Президент.

Давлат раҳбари қатағонга учраган ана шу 100 минг одамнинг ҳар бири бўйича изланиш, жойларга чиқиб, қариндошлари билан учрашиб, номларини тиклаш, қилган ишлари ҳақида китоблар чоп этиш, ўзлари яшаган маҳаллалар ва мактабларга номларини қўйиб, хотирасини абадийлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Маросимда коронавирусдан вафот этганлар хотирасига бағишлаб ҳам Қуръон тиловат қилинди.

«Ўз яқинларидан жудо бўлган барча оилаларга чуқур ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилайман. Даволанаётган беморларимизнинг дардига шифо беришини Худодан сўраймиз. Олти ойдан бери шу бало билан курашяпмиз. Бу касаллик юртимиздан тезроқ кетишини сўраб дуо қиламиз», — деди давлат раҳбари.