Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Бобохўжаев Kun.uz нашрига берган интервьюсида Сўх туманидан бўлган блогер Ҳайдаржон Бобохайдаровни (таҳаллуси Дадахон Хайдаров) Фарғонага бошига қоп кийдириб олиб келинганини рад этди.


Фото: Kun.uz.

Эслатиб ўтамиз, 1 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси Сўх туманида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида «Чашма» булоғидан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо ва кейинчалик ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳодимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 214-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноий иш очган. Бироқ айбланувчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида фақат августга келиб маълум бўлди.

Таъкидланишича, тергов давомида жиноят иши бўйича 6 нафар шахсга нисбатан ушбу моддалар билан айб эълон қилиниб, уларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

29 август куни Фарғона вилояти Сўх туманидан бўлган видеоблогер Дадахон Ҳайдаров 10 суткага қамоққа олингани ҳақида ҳабар бергандик. Блогернинг отаси Шерали Эралиев 22 августдан буён унинг қаерда эканлигини билмаслигини айтди.

Бош прокуратуранинг хабарида маълум қилинишича, блогер Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддаси (ушлаб туриш муддати) тартибида ушланган. «Тергов давомида Х.Бобохайдаровга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ва ҳимоя ҳуқуқи (адвокат) таъминланган», — дея таъкидлайди Бош прокуратура.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ажрими билан Х.Бобохайдаровга ҳибс муддати 10 суткага узайтирилган, дея маълум қилди Алишер Бобохўжаев.

«Ҳозирда Ҳайдаржон Бобоҳайдаровга айб эълон қилиш билан боғлиқ ҳолатлар текширилмоқда. Ушбу масала тергов ҳаракатлари давомида ҳал қилинади», — деди у.

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи гумонланувчининг ИИБ ходимлари томонидан бошига қоп кийдириб олиб келинганини рад этди.

«Қоп кийдириб олиб келингани ҳақиқат эмас. Бобохайдаров Хайдаржон ИИБ ходимлари кузатуви остида Фарғонага олиб келинган, ҳақиқаттан. Олиб келингандан сўнг, у билан боғлиқ сўроқ қилиш тергов ҳаракатлари ўтказилган, кейин гумон қилиш тариқасида жалб қилинган иш бўйича», — дея таъкидлади Алишер Бобохўжаев.

Фарғона вилоят прокуратураси вакилининг билдиришича, блогернинг саломатлигидан шикоят келиб тушмаган.

Маълум бўлишича, Ҳайдаржон Бобоҳайдаров Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳибсхонада кузатув камералари ўрнатилган.


Фото: Kun.uz.

Ҳайдаржон Бобоҳайдаровни ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қиливчи адвокат (иккинчи тайинланган адвокат) Ҳамидахон Абдуназарова блогернинг яқинлари билан ҳимояга оид шартнома имзолагандан сўнг, 29 август куни вилоят ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлиб, у билан суҳбатлашган. Унинг сўзларига кўра, ҳимояси остидаги шахсга нисбатан тўпланган далиллар етарли эмас ва ҳозирча унга тақдим этилмаган.

Ҳамидахон Абдуназарованинг таъкидлашича, у Сўх туманидан ИИБ ходимлари кузатуви остида Фарғонага олиб келинганида, вилоят прокуратурасига тергов ва судга санкция чиқаришда иштирок этмаган. У иш материаллари билан танишиш пайтида блогерга ҳимоя ҳуқуқи берилганлигини ҳамда унинг оиласи огоҳлантирилганини ўрганган.

Адвокатнинг маълум қилишича, Хайдаржон Бобохайдаров унинг Фарғонага етказилиши бўйича ҳеч қандай шикоят билдирмаган, фақат унинг қўллари кишанга солингани уни шок ҳолатига келтирганини айтган, бу эса инсон учун табиий реакциядир.

«У сақлаш жараёнида унда бирор тан жароҳати ёки тазйиқ ўтказиш ҳолати ҳақида умуман айтмади. Ҳозир истасангизлар у ерга бориб, кўришимиз мумкин», — дея қайд этди Ҳамидахон Абдуназарова.

Аввалроқ, блогернинг отаси Шерали Эралиев «Газета.uz» муҳбири билан бўлган сухбатда, ўғли Хайдаржон Бобохайдаровни ички ишлар органлари ходимлари томонидан ИИБга олиб кетишганини, кейин бошига халта кийгизиб, вертолётда олиб кетишганини айтганди. Адвокат бу ҳақда сўрамаганлигини тан олди ва, ўз ўрнида, блогер ҳам бу ҳақда гапирмаган.

«Вертолётда келганлиги аниқ, қўлига кишан кийилиб келинганини айтган ҳолос», — деди блогернинг адвокати.

Адвокат Хайдаржон Бобохайдаровнинг сўзларига таяниб, блогер чегарадаги можаро пайтида бўлмаганлигини, фақат бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувда бўлганлигини айтди. Унинг таъкидлашича, унинг вилоят ҳокимини алмаштириш ҳақидаги сўзлари ҳуқуқий баҳо учун асос бўлолмайди.

«Газета.uz» йигитнинг отаси билан яна гаплаша олмади. Унинг қариндошларидан бирининг сўзларига кўра, оила Ҳайдаржон Бобохайдаров билан ҳали ҳам боғлана олмаган.