30 август куни Бош прокуратура май ойида Фарғона вилояти Сўх туманида содир бўлган оммавий тартибсизликлар ва бошқа ҳолатлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича «фуқаро Хайдаржон Бобохайдаров (блогер)»ни гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинганини маълум қилди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, 1 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 214-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноий иш очган. Бироқ айбланувчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида фақат августга келиб маълум бўлди. Таъкидланишича, тергов давомида жиноят иши бўйича 6 нафар шахсга нисбатан ушбу моддар билан айб эълон қилиниб, уларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

29 август куни Фарғона вилояти Сўх туманидан бўлган видеоблогер Дадахон Ҳайдаров 10 суткага қамоққа олингани ҳақида ҳабар бергандик. Блогернинг отаси Шерали Эралиев 22 августдан буён унинг қаерда эканлигини билмаслигини айтди. Дадахон Хайдаров — Хайдаржон Бобохайдаровнинг таҳаллуси.

Бош прокуратуранинг хабарида маълум қилинишича, блогер ЖПКнинг 226-моддаси (ушлаб туриш муддати) тартибида ушланган. «Тергов давомида Х.Бобохайдаровга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ва ҳимоя ҳуқуқи (адвокат) таъминланган», — дея таъкидлайди Бош прокуратура.

«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дея таъкидланади хабарда.

Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддасига кўра, ушлаб туриш муддати ушланган ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.

Ушлаб туриш муддати тугагунга қадар ва асослар мавжуд бўлганда шахс айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши, унга айб эълон қилиниши, ЖПКнинг 109 — 112-моддаларидаги қоидалар бўйича сўроқ қилиниши ва 236 — 240-моддалари қоидаларига амал қилган ҳолда эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилиниши зарур.

Алоҳида ҳолларда, ушлаб турилган гумон қилинувчига нисбатан суд томонидан қамоққа олиш, уй қамоғи ёки гаров тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилиши мумкин. Бунда гумон қилинувчига у ушланган кундан эътиборан ўн кун ичида айблов эълон қилиниши керак. Акс ҳолда эҳтиёт чораси бекор қилинади ва шахс қамоқдан ёки уй қамоғидан озод этилади, гаров эса гаровга қўювчига қайтарилади. Жиноят иши қўзғатилганидан кейин ва ушлаб туришнинг бутун муддати мобайнида ишни юритиш ўзига тааллуқли бўлган суриштирувчи ва терговчи жиноятни содир этиш ҳолатларини аниқлаш, ушлаб туришнинг асосли эканлигини текшириш учун ўз ваколатлари доирасида тергов ҳаракатлари ўтказиши мумкин.