28 август куни Илон Маск Neuralink технологиясининг оммавий тақдимотини ўтказди. Тақдимот давомида у нейро интерфейснинг қайта ишланган версиясини тақдим этди, саволларга жавоб берди ва иккита чўчқада синов натижаларини кўрсатди — улар муваффақиятли чипланган ва мия фаолияти ўрганиб чиқилган.

Маскнинг сўзларига кўра, Neuralink биринчи навбатда фалаж, деменция ва Альцгеймер каби касалликларни даволашга мўлжалланган. Тақдимот сармоя йиғиш эмас, балки лойиҳада ишлаш учун истеъдодли одамларни топишга қаратилган, дея таъкидлайди Маск.

Миллиардер Neuralink нинг янги версиясини бошқа нейроинтерфейслар ва аввалги прототип билан таққослади — унга кўра, эски версиядаги қулоқ орқасида жойлашган узатгич жуда ноқулай бўлган.

Neuralink архитектураси. Аввалги (чап тарафда) ва ҳозирги (ўнг тарафда) ҳолат. Фото: VC.ru

Энди барча электроника 23×8 миллиметрлик Link номли чипда жойлашган.

Link чипи.

Link тери остига ўрнатилиб, бош суяги орқали мияга иплар билан боғланади. Чип имплантациядан сўнг бутунлай яширинган ва эгаси томонидан сезилмайди. Шунингдек, у бош суяги билан бирлашади ва ташқаридан қараганда кўринмайди.

  • Янги чип барча олдинги нейроинтерфейслар моделларига қараганда анча функционал ва самаралироқ. Масалан, у мусиқа узатиши ва Bluetooth орқали уланиб, турли хил қурилмалар билан ишлаши мумкин.
  • Нейронлардан маълумот узатиш учун мўлжалланган электродлар сони 3072 дан 1024 гача камайди.
  • Миянинг фаоллигини ўқиш чип ичида содир бўлади ва маълумотлар алмашуви симсиз амалга оширилади. Бундан ташқари, Neuralink бошқаруви учун мобил дастур ишлаб чиқилади ва унинг таъсир этиш радиуси 10 метргача бўлиши кутилмоқда.
  • Жамоанинг асосий вазифаси — ўнлаб йиллар давомида таназзулга учрамасдан ишлай оладиган, бардошли қурилмани яратиш.

Қурилма кун давомида қувватланишсиз ишлайди. Қувватланиш уйқу вақтида магнит қувватлагич орқали амалга оширилади.

Чипни тўлиқ автоматик тарзда робот-хирург ўрнатади — у бош суякда кичик тешик очади ва Linkни мияга мослашувчан иплар орқали улайди.

Маскнинг таъкидлашича, операция бир соат ичида амалга оширилади ва анестезия қўлланилмайди. Унинг сўзларига кўра, ҳеч қандай хавф йўқ, тўқима ва асаб тизимига зарар етмайди. Шу куни клиникадан чиқиб кетиш ҳам мумкин бўлади.

Маск намойишдан икки ой олдин муваффақиятли чипланган иккита чўчқада қурилма қандай ишлашини кўрсатди.

Имплантацияни олиб ташлаш асаб тизимининг функцияларига таъсир қилмайди: чўчқаларнинг бирида чип олиб ташланган ва у ўзини яхши ҳис қилмоқда. Шунинг учун исталган киши Neuralinkни ўз соғлиғига зарар бермасдан олиб ташлаши ёки янги моделига янгилаши мумкин.

Тақдимотда жониворларнинг мия фаолияти кўрсаткичлари намойиш этилди: чип ҳайвон миясининг тактил марказининг фаолиятини кузатиб борди ва чўчқа бурнининг буюмларга тегишига реакция кўрсатди.

Ҳозирга қадар Маск фақат мия сигналларини ўқиш функциясини намойиш этди, аммо келажакда Neuralink ушбу қурилма нафақат ўқиш, балки терапевтик мақсадларда маълумотларни ёзиб боришни режалаштирмоқда.