Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматчилари, турли соҳалар вакиллари, тиббиёт ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги бир қатор фармонларга имзо чекди. Чет эл фуқаролари ва хорижда яшаётган ватандошлар ҳам мукофотларга сазовор бўлди.

Фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари соҳалари ходимларидан бир гуруҳи турли давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Коронавирус пандемиясига қарши курашда ўзини исботлаган бир гуруҳ тиббиёт ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжатда вафот этган ҳолда тўрт нафар мутахассис «Жасорат» медали билан тақдирланган:

  • Неъматов Одилжон Низомиддинович — Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг ўпка сили жарроҳлиги бўлими мудири;
  • Рустамов Фаррух Фарҳодович — Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими анестезиолог-реаниматологи;
  • Шарипова Венера Васильевна — Яккасарой тумани тиббиёт бирлашмаси марказий кўп тармоқли поликлиникаси бош ҳамшираси, Тошкент шаҳри;
  • Шукруллаев Баҳром Каромович — Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиника шифокори, Тошкент шаҳри.

Бошқа бир фармон билан мукофотлар чет эл фуқаролари ва хориждаги ватандошларга берилди. Жумладан, Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкунов ва Япония бош вазири ўринбосари, молия вазири, Япония парламентидаги Ўзбекистон билан Дўстлик лигаси раиси Таро Асо «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Шунингдек, мукофот Сингапурнинг Indorama Corporation компанияси директори Пракаш Кежривал ва илгари АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари бўлган Еххоn Mobil халқаро ҳамкорлик бўйича катта маслаҳатчиси Элис Уеллсга ҳам насиб этди.

Чет элда яшовчи ватандошлар орасида мукофотларни Хитой ва Россиядаги Бутунжаҳон Ўзбекистон ёшлари ассоциацияси вакиллари, ишбилармонлар ва немис тили ўқитувчиси олди.

Шунингдек, бир гуруҳ давлат хизматчилари ва ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ходимларга тегишли мукофотлар топширилди. Мукофотланганлар рўйхатига вазирлар ва вазир ўринбосарлари, вилоят ва туманлар ҳокимлари, йирик давлат компаниялари ва ташкилотлари раҳбарлари киритилган.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи бўлди, қурилиш вазири Ботир Зокиров эса «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, энергетика вазири Алишер Султонов, Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов, шунингдек, «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» раҳбари Бахтиёр Ҳакимов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Мамлакат Қуролли Кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги хизматлари, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар мукофотланди. «Жасорат» медали вафотидан сўнг уч кишига ва бир нафар бедарак йўқолганга топширилди:

  • Абдулвохидов Абдулходи Абдулазиз ўғли — Ўзбекистон Миллий гвардияси Наманган вилояти қўриқлаш бошқармаси гуруҳ сафдор ходими;
  • Кайпназаров Есемурат Калбаевич — Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи;
  • Суюнов Ҳазрат Кароматович (бедарак йўқолган) — Миллий гвардия ҳарбий қисм гуруҳ мутахассиси;
  • Суяров Хусниддин Зокирович — Миллий гвардия ҳарбий қисм гуруҳ мутахассиси.