Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш юзасидан республика махсус комиссия пандемия билан боғлиқ вазият сабабли Мустақиллик байрамини уйда ўтказишга чақирди.

«Пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва оммавий сайиллар ўтказишни, шунингдек, боғ ва кўнгилочар майдончаларда концерт дастурлари ташкил этишни, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида мушакбозликларни чеклашни талаб қилмоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келдик», — дейилади махсус комиссия мурожаатида.

Шунингдек, мурожаатда Ўзбекистонда коронавирус юқтирган жами 40 мингдан ошиқ фуқародан 38 мингга яқини (93 фоиз) соғайгани ва 2700 дан зиёд беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилаётгани ҳақида айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Мустақиллик байрами арафасида 3 кун давомида (30−31 август ва 1 сентябрь) дам олиш кунлари деб эълон қилинган.