Ўзбекистонда сентябрда, айниқса унинг биринчи ярмида одатда об-ҳаво иссиқ ва кам булутли бўлади. Қисқа муддатли ёмғирлар фақат айрим кунларда кўпроқ тоғли ва тоғолди ҳудудларда кузатилиши мумкин, дея хабар қилди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Сентябрь ойида об-ҳаво кўп йиллик ўртача кўрсаткичларга яқин бўлади. Тунги ҳарорат 15−20 даража атрофида бўлади, кундузи 32−37 даражадан 25−30 даража иссиққача ўзгариб туради.

31 августда Волгабўйи ҳудудидан нисбатан нам ва салқин ҳаво оқими кириши натижасида об-ҳаво ўзгаради. Республика бўйича булутлиликнинг ортиши, об-ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат 1−2 даражага пасаяди ва 28−33 даража атрофида бўлади, бу меъёрдан сал паст ҳароратдир.

Сентябрнинг илк кунлари об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат кечаси 15−20, кундузи 30−35 даража атрофида бўлади.

Республиканинг тоғли ва тоғолди туманларида 30−31 август ва 1−2 сентябрь кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.