28 август куни Косон туманидан ўтувчи 4К-339 йўлида Damas ва «Камаз» юк автомашинаси иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши вафот этди ва икки киши тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 28 август куни соат 15:15 ларда, Қашқадарё вилояти, Косон тумани ҳудудидан ўтган 4К-339 «Қарши айланма йўлининг» 6-километрида ҳайдовчи 2000 йилда туғилган Н.Ш. «Дамас» русумли автомобилни «Обдида-Хўжақўрғон» кўчалари кесишган чорраҳада, иккинчи даражали йўлдан бошқариб келиб, асосий йўлдан ҳаракатланиб келган ҳайдовчи 1991 йилда туғилган Б.У. бошқарувидаги «Камаз-5320» русумли юк автомобилини ўтказиб юбормасдан, ўнг томон олди қисмига бориб урилиб, ЙТҲ содир этган.


Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

Бунинг натижасида «Дамас» автомобили ҳайдовчиси 20 ёшли Н.Ш. воқеа жойида, ушбу автомобиль йўловчиси 18 ёшли А.Ж. шифохонада вафот этган. «Камаз» юк автомобили ҳайдовчиси 29 ёшли Б.У. ва йўловчиси 18 ёшли А.О.лар тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан ҳодиса содир бўлган куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми „а“ банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати