Пандемия даврида мактабларга қўйиладиган вақтинчалик санитария талаблари Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилди ва рўхатга олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган мазкур ҳужжат COVID-19 пандемияси даврида мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча умумтаълим мактаблари ва махсус мактаб интернатларининг хавфсиз иш муҳитини таъминлашга қаратилган иш фаолиятига татбиқ этилиши маълум қилинди.

Мактабларга қўйилган санитария талабларига кўра, машғулотларни соат 8:00 дан сўнг бошлаш ва 17.30 дан кечиктирмасдан тугатиш тавсия этилади. Бунда машғулотлар уч сменада ташкиллаштирилиши мумкинлиги ҳам билдирилди.

Пандемия даврида оммавий тадбирлар (йиғилишлар, концертлар, туғилган кунлар ва шу кабилар) ўтказиш вақтинча тўхтатилади.

Барча болалар ва уларнинг қонуний вакиллари ниқобларда келишлари шарт бўлади. Шу билан бирга, Ниқоб/респираторсиз мактабга киришига рухсат берилмайди. Бунда, ниқоб камида ҳар 3 соатда, респираторлар камида ҳар 8 соатда ўзгартирилиши лозим бўлади.

Мактабга киришдан аввал, мактабнинг тиббий ходимлари/масъул ходимлари томонидан «эрталабки фильтрлаш» бўйича махсус пункт ташкил этилиб, тегишли журнал юритилади. «Эрталабки фильтрлаш» жараёнидан сўнг, ўқувчилар кириш жойларида ўрнатилган махсус диспансердан антисептик восита ёрдамида қўлларини зарарсизлантириш тартиби ўрнатилади.

Шунингдек, санитария талаблари қаторида синфларда ҳар бир ўқувчига 2 м² дан кам бўлмаган майдон бўлиши талаб этилади.

Пандемия пайтида мактаб ошхоналари ўз ишини амалдаги санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига риоя қилинган ҳолда ташкил этади.

Агарда юқумли касалликлар белгилари бўлган ўқувчилар/мактаб ходимлари ушбу белгилар аниқланган вақтдан бошлаб тез ёрдам гуруҳи ёки ота-оналар (қонуний вакил) келгунига қадар зудлик билан изоляция қилинишлари шарт бўлади.