2019 йилнинг иккинчи ярми ва жорий йилнинг ўтган даврида республикада коррупцияга мойил 213 нафар, жумладан 50 дан ортиқ раҳбар ходим тизимдан бўшатилди. Жиноятга қўл урган 31 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақ Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган мақоласида сўз боради.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорлар ҳуқуқларига риоя этмаган 925 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 514 та жиноят иши қўзғатилди. Инвестиция дастурига киритилган 1400 тага яқин қурилиш лойиҳаси қайта экспертизадан ўтказилиб, 1,5 трлн сўм бюджет маблағлари иқтисод қилиниши таъминланди.

Қурилишга ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 78 млрд сўм талон-торож қилинганлиги аниқланиб, 320 нафардан ортиқ айбдор шахс жазога тортилди.

Назорат тадбирларида 22 млрд сўмлик дон, 63 млрд сўмлик пахта хом-ашёси, 3 млрд сўмлик минерал ўғит, ирригация тадбирлари учун ажратилган 1,7 млрд сўм миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланиб, қонуний чоралар кўрилди.

Шунингдек, назорат тадбирлари давомида 136 та ҳолатда 16 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақи, нафақа ва уларга тенглаштирилган тўловлар учун ажратилган бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 136 та жиноят иши қўзғатилди, 5 млрд сўмликдан ортиқ етказилган зарарлар ихтиёрий қопланди, судларга қиймати 19 млрд сўмликдан зиёд 4 мингга яқин даъво аризалари киритилди ва қарийб 14 млрд сўм ундирилди.

Бундан ташқари, Мажбурий ижро бюроси органлари саъй-ҳаракатлари билан фойдаланилган энергия ресурслари учун 2018 йилга нисбатан 2019 йилда 9 трлн сўм ёки 32 фоизга кўп маблағ ундирилиб, бу кўрсаткич 37 трлн сўмни ташкил қилди. Табиий газдан фойдаланишдаги 41 млрд сўмлик талон-торожликлар аниқланиб, 33 млрд. сўми, қарийб 2 млн та ижро ҳужжати бўйича давлат фойдасига 7,3 трлн сўм ундирилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан яширин иқтисодиётга чек қўйиш, бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш чоралари кўрилди. Ҳамкор тузилмалар билан олиб борилган ишлар натижасида 2019 йилнинг 2-ярми ва жорий йилнинг ўтган даврида 2400 тадан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик ва 3400 тага яқин жиноят фош этилди. Хусусан, 357 та солиқдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятлар аниқланиб, жами 1,662 трлн сўм қўшимча солиқ ҳисобланди ва 623,7 млрд сўми бюджетга ундирилди, дейилади мақолада.