28 август куни Бухоро вилояти ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди, унда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда президент Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов, вилоят ҳокими ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва бошқалар иштирок этган.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Айни пайтда Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб бораётган Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганлиги тўғрисидаги президент фармони ўқиб эшиттирилди.

Олдинроқ, Бухоро вилояти ҳокимининг вазифасини бажарувчи Карим Камолов коронавирус билан касалланиб, вафот этган эди.