Амалдаги Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон номзоди мамлакатнинг навбатдаги президентлик сайловларига илгари сурилди. Бу ҳақдаги тегишли қарор Тожикистон Эркин касабалар уюшмаси федерацияси йиғилишида қабул қилинди, дея хабар берди ASIA-Plus нашри.

Қайд этилишича, шу кунга қадар Мустақил касаба уюшмалари федерацияси ва мамлакатдаги еттита сиёсий партиядан тўрттаси президентликка ўз номзодларини кўрсатдилар.

Бунда Рустам Латифзода Аграр партиясидан, Абдухалим Гаффоров Социалистик партиядан номзод сифатида кўрсатилган. Шу билан бирга, ўзининг етакчиси Саиджафара Усмонзодани Тожикистон Демократик партияси ҳам илгари сурди. Иқтисодий ислоҳотлар партияси эса президентлик сайловларига ўз номзоди сифатида Рустам Рахматзодани (Кудратов) кўрсатди.

Шунингдек, Тожикистон Коммунистик партияси ва парламентда кўпчиликка эга Халқ-Демократик партиялари Марказий сайлов комиссиясига ўз номзодларини ҳали кўрсатишгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 11 октябрь куни Тожикистонда президент сайловлари куни деб эълон қилинганди. Тожикистонда охирги президент сайловлари 2013 йили бўлиб ўтганди. Унда Эмомали Раҳмон 83,92% овоз йиғиб, Тожикистон президенти лавозимига тўртинчи марта қайта сайланганди.

Маълумот учун, Тожикистон Конституциясининг 65-моддасига асосан давлат раҳбари яширин овоз бериш орқали умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида 7 йил муддатга сайланади. Худди шу моддага биноан, битта шахс кетма-кет икки муддатдан кўп Тожикистон президенти бўлиши мумкин эмас.

Шу билан бирга, 2016 йилда мамлкатда ўтказилган конституцион референдум натижаларига кўра, ушбу моддага истисно ҳолати киритилган. Яъни, «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — Миллат етакчиси» расмий давлат унвонинига эга амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмон чексиз марта президентликка сайланиши мумкин. У ушбу лавозимни 1994 йилдан бери эгаллаб келмоқда.

Шунингдек, Конституцияга мувофиқ фақатгина 30 ёшга тўлган, олий маълумотли, тожик тилини биладиган, илгари судланмаган, диний ташкилотлар ва бирлашмаларга мансуб бўлмаган, сайловлар ўтказилишидан олдин камида ўн йил давомида мамлакат ҳудудида доимий яшаб келган Тожикистон фуқароси президентликка номзод сифатида рўйхатга киритилиши мумкин.