27 август куни Геология соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича тақдимот давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда янги геология тизими яратилаётганини айтиб ўтди.

«Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда. Уни ривожлантиришдан мақсад — табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб, одамларни бой қилиш», — деди Шавкат Мирзиёев.

Биринчи навбатда геологик илм-фанни тиклаш ва замонавий кадрлар тайёрлашга замин яратилгани айтилди. Бунда, хусусан, Геология фанлари университети ташкил этилиши ва унинг таркибига 4 та илмий-тадқиқот институти бирлаштирилиши катта аҳамиятга эга бўлгани билдирилди.

Шу билан бир қаторда, замонавий бурғулаш ва лаборатория ускуналари олиб келингани таъкидланди. Бунинг натижасида бурғулаш унумдорлиги 2019 йилга нисбатан 25 фоиз ошгани ва жумладан, рудадаги элементларни аниқлаш кўлами 40 тадан 63 тагача кўпайгани маълум қилинди.

«Йил бошидан буён 150 та янги кон давлат балансига олинди. Олтин, кумуш, уран, мис, молибден ресурлари ва захиралари кўпайди. Жумладан, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Кулжуктов ҳамда Ауминзотов тоғлари ҳудудида 3 та олтин, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳамда Жиззах вилояти Арнасой туманида 2 та уран кони аниқланди. Шунингдек, 32 та геология-кон захираси халқаро JORC стандартларига ўтказилди», — дейилади хабарда.

Қилинган ишлар қаторида, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида 155 минг гектар майдонда тезкор гидрогеологик изланишлар олиб борилгани айтилди. Сув танқис ҳудудларда суткасига қўшимча 90 минг кубометр таъминлайдиган сув захиралари тасдиқланди.

Шунингдек, тадбирда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг ҳисоботи эшитилди. 20 та янги конга онлайн аукционда, очиқ ва шаффоф тарзда салоҳиятли хорижий инвесторларни жалб этиш жараёнининг бориши кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари 2021 йили геология-қидирув ишларини 2 баробар кенгайтириб, янги истиқболли майдонларни аниқлаш, соҳага замонавий лаборатория техникаларини жорий қилишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Геология қўмитасига саноат кооперацияси асосида янги конларни қидириш, топилган ресурсларни ўзлаштириш учун хусусий секторга бериш амалиётини янада кенг қўллаш бўйича топшириқ берилди.

Тадбирда Наманган тажрибаси асосида ҳар бир ҳудудда геологик, айниқса, гидрогеологик қидирувлар бўйича доимий экспедициялар ташкил этиш зарурлиги айтилди.

Шу билан бир қаторда, Шавкат Мирзиёев Геология қўмитасига фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларини ўзлаштириш самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берди. Мутасаддиларга белгиланган чора-тадбирлар бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.